Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини 2026 йилгача якунлаш учун ташкилотга аъзо мамлакатлар билан музокараларни тезлаштириш ниятида, дея хабар қилди ЖСТ матбуот хизмати.
5−6 декабрь кунлари Женевада бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг 9-йиғилишида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегация ҳамда Ўзбекистон президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили, бош музокарачи Азизбек Урунов, шунингдек, бошқа раҳбарлар, жумладан, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров иштирок этди. Турли вазирлик ва идоралар вакиллари муҳокамаларга Тошкентдан туриб, онлайн тарзда қўшилди.
Бош вазир ўринбосари ўзининг кириш сўзида Ўзбекистон учун ЖСТга аъзо бўлиш жараёни «нафақат техник масала, балки кенгроқ ички ислоҳотлар учун кучли катализатор» эканини таъкидлади. Шунингдек, у 2024 йил май ойида бўлиб ўтган ишчи гуруҳнинг 8-йиғилишида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини 2026 йилгача якунлаш бўйича эълон қилинган катта мақсадни тасдиқлади.
«Бу мақсад нафақат халқаро ҳамкорларимиз учун баёнот, балки барча манфаатдор томонлар ва Ўзбекистоннинг бизнес ҳамжамияти учун аниқ сигнал бўлди. Бу мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши муқаррарлигини кўрсатди ва маҳаллий манфаатдор томонларга амалга оширилаётган ислоҳотларга мослашиш ва жаҳон савдо тизимига интеграциялашув билан боғлиқ янги чақириқларга тайёргарлик кўриш учун зарур вақт берди», — деди Ходжаев.
Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон «ЖСТга аъзо бўлиш бўйича барқарор йўналишни сақлаб қолган ҳолда, улкан ислоҳотларни» давом эттириш ниятида эканини таъкидлади. Келгуси йилда мамлакат қолган музокараларни ҳамда ўзининг ҳуқуқий ва меъёрий базасини ЖСТ келишувлари билан уйғунлаштиришни якунлаш бўйича ҳаракатларини кучайтиради.
«Биз 2026 йилга бориб Ўзбекистон нафақат ЖСТнинг тўлақонли аъзоси бўлиши, балки иқтисодий барқарорлик ва инклюзивликка ҳисса қўшган ҳолда кўп томонлама савдо тизимига муваффақиятли интеграция намунаси бўлиши учун ҳаракат қиламиз», — дея қўшимча қилди у.
Бош музокарачи Азизбек Урунов икки томонлама музокараларда сезиларли силжиш кузатилаётганини қайд этди. Ишчи гуруҳнинг 8-йиғилишидан буён Ўзбекистон ЖСТга аъзо тўққизта давлат билан музокараларни муваффақиятли якунлади ва якунланган икки томонлама музокараларнинг умумий сони 22 тага етди.
«Бу барча иштирокчи томонларнинг ишига содиқлиги ва қаттиқ меҳнатининг далолатидир. Мазкур келишувлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини муваффақиятли якунлаш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишончимиз комил», — деди у.
ЖСТ бош директори ўринбосари Сянчэнь Чжан сўнгги йиғилишдан кейинги ижобий ўзгаришларни, айниқса, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлади. У Ўзбекистон президентининг 3 июндаги мамлакатнинг айрим қонунлари ва чора-тадбирларини ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ПФ-85-сонли фармонини қайд этиб ўтди, бу ҳужжат «ташкилот аъзоларининг xавотирларига тўғридан-тўғри жавоб бўлганини» айтди.
«Ушбу фармон ислоҳотларни жадаллаштириш учун катализатор бўлди ва уни амалга ошириш давом этаётганидан мамнунман. Ишончим комилки, бу саъй-ҳаракатлар Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадига эришиш учун амалга оширилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш зарур, дея ҳисобловчи президент Шавкат Мирзиёевнинг қарашларини акс эттиради. Июнь ойи бошида Тошкентга ташриф буюрган ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала бу жараёнга катта қизиқиш билдиришда давом этмоқда», — дея қўшимча қилди у.
Ишчи гуруҳ раиси, Корея Республикаси элчиси Юн Сон Док ишчи гуруҳ йиғилишлари орасидаги вақтда давомида «тезкор, узлуксиз ва техник йўналтирилган» иш олиб борилаётганини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, бу суръат ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама масалаларда эришилган сезиларли ютуқларга асосланади. Шунингдек, у президент Шавкат Мирзиёевнинг аъзолик жараёнига динамика қўшишдаги бевосита иштирокини алоҳида қайд этиб ўтди.
Элчи Юн гуруҳ аъзоларига ва Ўзбекистонга тараққиётга эришиш, айниқса, мамлакатнинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини якунлаши учун келгуси ойларда амалга ошириши лозим бўлган зарурий чораларни тушуниш борасидаги конструктив ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.
Сўнг эса у Ўзбекистон ва ишчи гуруҳ аъзоларини 2025 йилда сезиларли ютуқларга эришиш учун кейинги йил баҳорида чақирилиши мумкин бўлган навбатдаги йиғилишгача ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.
«Ишчи гуруҳнинг 9-йиғилиши анча муваффақиятли ўтди, мен ишчи гуруҳнинг барча аъзолари ва ЖСТ котибиятига миннатдорчилик билдираман. Энди биз бажаришимиз керак бўлган кичик уй вазифалари билан Тошкентга қайтамиз», — дея тадбир якунларини сарҳисоб қилди Азизбек Урунов.
Президент Шавкат Мирзиёев август ойида тадбиркорлар билан учрашувда ЖСТга аъзо бўлишни «ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, шунингдек, ислоҳотларнинг ажралмас қисми» деб атаганди. «Илгари мамлакат иқтисодиёти маълум даражада протекцияга муҳтож эди, аммо бу йўлда давом этсак, Ўзбекистоннинг имкониятлари чекланиб қолади», деганди у.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев май ойида Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференсиясигача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ниятида эканлигини маълум қилганди.