Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 11 декабрь куни икки машина тўқнашувида ҳайдовчилардан бири ҳалок бўлди. Бу ҳақда шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
ЙТҲ соат 20:20 ларда Кўкча дарвоза кўчаси ҳудудида содир бўлган. Р.К. (1988 й.т.) бошқарувидаги BYD ва А.Х. (2006 й.т.) бошқарувидаги Equinox машиналари тўқнашган.
Оқибатда Equinox’нинг 18 ёшли ҳайдовчиси шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлими билан тугаган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.