11 декабрь куни Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги бош консулхонаси ходимлари кўмагида Россиянинг Свердловск вилоятида мушкул аҳволда қолган бир оиланинг беш нафар аъзоси ватанга қайтарилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Фарғона вилоятида туғилган фуқаро Х.Р. фарзандлари билан оғир молиявий аҳволда қолгани сабабли амалий ёрдам сўраб консулхонага мурожаат қилган. У сентябрь ойида турмуш ўртоғи ва тўрт нафар вояга етмаган фарзанди билан вақтинча ишлаш мақсадида Свердловскка келган.
Унинг турмуш ўртоғи oила боқувчиси сифатида Белоярск туманида якка тартибда қурилиш фирмаларида ёлланма ишчи бўлиб ишлаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган рейд тадбири давомида оила боқувчиси Россияда бўлиш қоидасини бузгани сабабли қўлга олинган ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Ўрганишлар натижасида эркак вақтинча ишлаган қурилиш фирмасида бир ойлик иш ҳақи тўланмагани аниқланган ва у иш берувчидан олиб берилган. Шунингдек, аёлга ва унинг тўрт нафар фарзандига Екатеринбург-Тошкент авиарейсига чипта сотиб олинган.
Оила 10 декабрь куни Екатеринбург шаҳридаги «Кольцово» халқаро аэропортидан Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.