Австрия ҳукумати ватанига қайтишни истаган суриялик қочқинларга 1000 евродан тўлаб беради, деди Австрия канцлери Карл Нехаммер.
«Австрия ватанига қайтиш истагида бўлган сурияликларни 1000 евролик бонус билан қўллаб-қувватлайди. Ҳозир мамлакат қайта қуриш учун ўз фуқароларига муҳтож», — деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Нехаммернинг қўшимча қилишича, Австриядаги суриялик фуқароларга нисбатан давом этаётган бошпана бериш жараёнлари тўхтатиб турилиши сақланиб қолади.
БМТнинг Қочоқлар бўйича агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Сурияда фуқаролар уруши бошланган 2011 йилдан буён унинг аҳолиси 130 мамлакатга қочиб кетган. Уларнинг аксарияти Туркия, Ливан, Иордания, Ироқ ва Мисрда, яна бир миллиондан ортиғи Европа мамлакатларидан қўним топган.
Суриядаги уруш авжига чиққан 2015 йилда 1,3 миллион ва 2016 йилда 1,19 миллион бошпана сўраб мурожаат қилинган, деб ёзади «Ведомости».
Сурияда Башар Асад режими қулагандан сўнг Европа давлатлари ҳукумати сурияликларга бошпана бериш учун аризаларни кўриб чиқишни оммавий равишда тўхтата бошлади. Австриядан ташқари, Германия, Буюк Британия, Нидерландия, Швеция ва бошқалар аризаларни кўриб чиқиш тўхтатилганини эълон қилди.
Австрияда 7300 га яқин ариза музлатилган, мамлакатда эса 100 мингга яқин суриялик бор. Аввалроқ Австрия ички ишлар вазири Герхард Карнер ўз идорасига «Сурияга репатриация ва депортация» бўйича тартибга солинган дастур тайёрлаш бўйича кўрсатма берганини маълум қилганди.