Суриянинг ағдарилган президенти Башар Асад Москвага қочиб кетишидан бир неча соат олдин армия ва хавфсизлик хизматлари раҳбарлари билан учрашувда Россиядан ҳарбий ёрдам аллақачон етиб келганини айтган ва ҳарбийларни ўзини тутиб туришга чақирган, деб ёзади Reuters Асаднинг ҳокимиятдаги сўнгги соатларидан хабардор бўлган 14 та манбага таяниб.

Ёрдамчилар, амалдорлар ва ҳатто собиқ президентнинг қариндошлари унинг мамлакатдан қочиш режаларидан бехабар бўлган.

Ўтган шанба, 7 декабрь куни Асад ўз маъмурияти раҳбарига аэропортга боришини эмас, балки уйга кетишини айтган, дея тасдиқламоқда агентлик суҳбатдошлари. Президентнинг укаси ва амакиваччалари ҳам бундан хабарсиз қолган, улардан бири, эҳтимол, ҳалок бўлган, деб ёзади Reuters.

Асад Дамашқдан транспондерлари ўчирилган самолётда Суриянинг Латакия шаҳридаги Хмеймим авиабазасига, у ердан эса Москвага учиб кетган. Россия пойтахтида уни хотини Асма ва уч фарзанди кутиб турарди. Агентлик манбаларига кўра, Россия бортида Асад бўлган самолёт Сурия ҳаво ҳудудини тарк этишини таъминлаш учун қўшни давлатлар билан ҳаракатларни мувофиқлаштирган.

Асад ваъда қилган Россиянинг ҳарбий ёрдами ёки Суриянинг иттифоқчиси Эроннинг кўмаги аслида кутилмаган эди. Қўзғолончилар ҳужумининг дастлабки кунларида, 28 ноябрда, Асад Москвага ташриф буюриб, ҳарбий ёрдам сўраган, аммо Кремль аралашишни истамаган, деб хабар берди Reuters`га дипломатлар орасидаги манбалар.

Москвага ташрифидан тўрт кун ўтиб, 2 декабрь куни Асад Дамашқда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи билан учрашди. Бу вақтга келиб, қўзғолончилар Ҳалабни ўз назоратига олиб, жанубга қараб ҳаракат қилмоқда эди. Учрашув чоғида Асад «ошкора хафа бўлган» ва унинг армияси самарали қаршилик кўрсатиш учун жуда заиф эканини тан олган, дея таъкидлайди агентлик суҳбатдошлари. Шу билан бирга, у Исроил вазиятдан Эрон кучларига ҳужум қилиш учун фойдаланиши мумкинлигини тушуниб, мамлакатга Эрон қўшинларини киритишни сўрамаган.

Барча вариантларни кўриб чиққач, Асад «ўзининг қулаши муқаррарлигига тан берди», деб ёзади Reuters. Дастлаб у Араб Амирликларида бошпана топишга ҳаракат қилган, бироқ БАА халқаро муносабатлардан қўрқиб, уни қабул қилишдан бош тортган, дея хабар берди агентликнинг Сурия собиқ президенти атрофидаги уч манбаси.

  • 8 декабрга ўтар кечаси қўзғолончилар Сурия пойтахти Дамашққа бостириб кириб, президент Башар Асад режимини ағдарганини эълон қилди. У мамлакатни 24 йил, оиласи эса 1971 йилдан бери бошқарган.