БМТ Тараққиёт дастури Япония ҳукумати кўмагида «Марказий Осиёда табиий офатлар хавфи ва иқлим ўзгаришига шаҳарларнинг чидамлилигини ошириш» минтақавий лойиҳасини ишга туширди, деб хабар қилди ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Лойиҳа Ўзбекистонда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Ташаббус минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва шаҳарсозликда инновацион ёндашувлардан фойдаланиш орқали иқлим ўзгаришига, айниқса, шаҳарларда чидамлиликни оширишга қаратилган. Лойиҳанинг умумий бюджети 5 миллион доллардан ортиқ бўлиб, лойиҳани амалга ошириш 2024−2027 йилларга мўлжалланган.

Лойиҳа ёндашуви шаҳар муҳитини иқлим хавфларига мослаштиришнинг ўткир заруратини қондиришга қаратилган бўлиб, бунда барқарор ривожланишга ҳисса қўшади, дейилади хабарда.

Мақсадлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда шаҳарларни режалаштириш ва ташқи таъсирларга чидамлиликни ошириш стратегияларида ўзгаришларга эришишга қаратилган.

марказий осиё, япония, иқлим ўзгариши

«Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аср охирига бориб Марказий Осиёда ўртача ҳарорат 3−5 даражага ошиши мумкин. Бу қор қопламини камайтиради, гидрологик циклни ўзгартиради ва сув тошқинлари, чанг бўронлари ва қурғоқчилик каби экстремал об-ҳаво ҳодисалари хавфи, минтақа экотизимлари ва иқтисодиётига салбий таъсирини оширади. Юқорида санаб ўтилган муаммоларни енгиб ўтишда олдимизда кўп йўл бор. Лекин шуни таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёда минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бундай лойиҳалар саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда табиат билан уйғунликда барқарор ривожланишга эришиш имконини беради», — деди Ўзбекистон экология вазири Азиз Абдуҳакимов.

марказий осиё, япония, иқлим ўзгариши

«Япония табиий офатларни бошқариш (зилзилалар, тайфунлар ва сув тошқинлари) бўйича бой тарихга эга бўлиб, лойиҳага табиий офатлар хавфини камайтириш соҳасидаги илғор билим ва технологияларни жалб қилади. Тадбирдан мақсад ҳамкорларни тажриба алмашиш, муаммоларни муҳокама қилиш, ҳамкорликнинг салоҳиятли соҳаларини ўрганиш ва шерикликни мустаҳкамлаш учун бирлаштиришдир», — деди Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хатори Такаши.

марказий осиё, япония, иқлим ўзгариши

«Иқлим ўзгариши Марказий Осиёнинг атроф-муҳити, экологик мувозанати ва ижтимоий-иқтисодий тизимларига жиддий таҳдид солмоқда. Минтақадаги жадал урбанизация иқлим ўзгариши шароитида барқарор ривожланишни таъминлаш учун шаҳар инфратузилмаси ва режалаштириш иқлим ўзгаришига чидамлилик стратегияларини ўз ичига олиши зарурлигини кучайтирмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида биз ушбу муаммоларни ҳал қилиш бўйича ягона минтақавий ёндашувни ишлаб чиқишга интиламиз», — деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзия.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарларнинг шаҳар аҳолиси сўнгги йигирма йил ичида ўртача 48 фоизга кўпайиб, 538 кв км ерни эгаллаган. Шаҳарларнинг жадал кенгайиши электр таъминоти, сув таъминоти, транспорт, соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат таъминоти каби муҳим инфратузилма объектларига юкламани ва уларнинг иқлим таъсирларига заифлигини оширди.