Бухоро вилояти ИИБ Киберхавфсизлик хизмати ходимлари Жондор туманида криптоактивлар соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун 17 ёшли ўсмирни қўлга олди. Бу ҳақда Milliy телеканалининг Millar кўрсатувида хабар берилди.
Телеканал маълумотларига кўра, Зарафшон маҳалласида яшовчи фуқаро «белгиланган тартибда лицензия олмасдан» 34 миллиард сўм (2,64 миллион доллар) миқдоридаги криптоактивларни ишлаб топган.
Вилоят ИИБ матбуот котиби Шуҳрат Жалоловнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан криптовалюталарни ноқонуний муомалага киритиш бўйича Жиноят кодексининг 278−8-моддаси 3-қисми (Жуда кўп миқдорда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддада 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.
Бунда тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган шахс жавобгарликка тортилмайди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ қонунчиликка Ўзбекистонда криптоактивларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш ёки жаримага сабаб бўлиши мумкинлиги белгиланган ўзгартириш киритилганди.