13 декабрь куни Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида президент Шавкат Мирзиёев қиймати 3,7 млрд долларлик 18 та янги қувватни ишга туширди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Давлат раҳбари фаолиятига старт берган лойиҳалар қуйидагилар:

  • Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида салкам 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция;
    Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли йирик сақлаш тизими (Ўзбекистонда илк бор бундай тизим ишга туширилаётгани таъкидланди);
  • Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси;
  • Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси;
  • Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС.

Бундан ташқари давлат раҳбари Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қиймати 3,5 млрд доллар бўлган 2,5 минг мегаваттли 6 та электр қувватлари қурилишига ҳам старт берди.

Шавкат Мирзиёев маросимдаги нутқида қиймати 3,7 млрд долларлик 18 та янги қувватлар ишга туширилаётгани ва навбатдаги 6 та лойиҳа қурилишига старт берилаётганини энергетика соҳасидаги тарихий воқеа деб атади.

Президент ишга тушаётган қувватлар ва янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 млрд киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 млрд куб метр табиий газ тежалиши, 4,6 млн тонна зарарли газлар чиқарилиши олди олинишини айтди.

«Энг муҳими — 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам 4 млн долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради. Умуман олганда, келгуси йили жами 84 млрд киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу 2016 йилга нисбатан 25 млрд киловатт-соат ёки 1,5 баробар кўп деганидир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Тадбирда лойиҳалар Masdar, ACWA Power, Aksa Energy, Хитой ва Германиянинг нуфузли компаниялари билан амалга оширилаётгани айтилди.

«Уларнинг барчаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эканини ҳисобга оладиган бўлсак, бу бизга ва олиб борилаётган ислоҳотларимизга бўлган ишончнинг яққол ифодасидир», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида тадбирда шахсан ва видеоалоқа орқали қатнашаётган БАА саноат ва илғор технологиялар вазири Султон Ал-Жобир, энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий, Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байрактар, ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян, Aksa Energy компанияси бошқаруви раиси Жамил Казанчи, Хитойнинг China Energy, China Datang, Германиянинг Hyper Partners компаниялари вакилларига Ўзбекистон халқи номидан миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, давлат раҳбари бу лойиҳаларни амалга оширишда молиявий ва техник кўмак берган Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банкига ҳам алоҳида ташаккур билдирди.