Expo Osaka 2025 бутунжаҳон кўргазмаси учун тайёрланган Ўзбекистон павильони Германия дизайн мукофотининг (German Design Award) «Аъло меъморчилик — ярмаркалар ва кўргазмалар» номинациясида олтин мукофотига сазовор бўлди.
Тақдирлов саноат дизайни соҳасидаги нуфузли халқаро мукофотлардан бири бўлиб, уни ҳар йили Германия дизайн кенгаши ўтказади. Мазкур нотижорат ташкилот 1953 йилда Германия ҳукумати томонидан ташкил этилган. Мукофот учун даъвогарлик қилаётган лойиҳаларни дизайн, меъморлик ва коммуникациялар соҳасида тан олинган мутахассислардан иборат мустақил ҳакамлар ҳайъати баҳолайди.
«Билимлар боғи» номини олган Ўзбекистоннинг Expo Osaka 2025 кўргазмасидаги миллий павильонининг меъморий концепцияси Германиянинг машҳур ATELIER BRÜCKNER студияси томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳа буюртмачилари Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бўлган.
«ATELIER BRÜCKNER билан биргаликдаги павильонмиз Бухоро, Самарқанд ва Тошкентнинг абадий меъморчилиги ва Тошкентнинг модернистик дурдоналари билан йўғрилган Ўзбекистоннинг бетакрор меросини тараннум этади, шу билан бирга, келажакка дадил нигоҳни ўзида мужассам этади. Германия дизайн мукофотининг олтин медалини қабул қилиб олиш жамғарма учун муҳим босқич ҳисобланади, бу жаҳон миқёсида Ўзбекистоннинг маданий манзарасини асраб-авайлаш, тарғиб қилиш ва парваришлаш бўйича бизнинг устувор мақсадимизга урғу беради», — деди Маданият ва санъатини ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова.
Майдони 750 квадрат метр бўлган икки қаватли павильон қурилиши 2024 йилнинг март ойида бошланган. Унинг дизайни барқарор ривожланиш тамойилларига мос бўлиб, табиий материаллар ва модулли конструкциядан фойдаланиш орқали амалга оширилган.
Павильоннинг лойиҳаси учбурчак шаклида тайёрланган бўлиб, Марказий Осиё халқларига хос анъанавий тумордан илҳом олинган. Тумор шунчаки безак эмас, у минтақа тарихи ва анъаналарида чуқур илдиз отган ҳимоя, маънавият ва маданий мерос рамзидир, дейилади хабарда.
8 метр баландликдаги муаллақ ёғоч қурилма ўрмонни ифодалайди: у ҳам бошпана, ҳам билим алмашиш жойи бўлиб хизмат қилади. Ёғоч қурилма ҳар томондан ва юқорисидан очиқ. Разм солиш бурчагига қараб кесишган ёғоч устун ва тўсинлар ўзига хос нақш ва безакларни ҳосил қилади, бу эса ўзбек нақшин безак бериш санъатида миллий маданиятнинг муҳим қисми сифатида ишора қилади, дея қайд этди жамғарма.
Қурилишда табиий ва қайта ишланиши мумкин бўлган ашёлар: ёғоч, лой ва ғиштдан фойдаланилган.
Маълумот учун, Expo Osaka 2025 бутунжаҳон кўргазмаси 2025 йил 13 апрелдан 13 октябргача Японияда бўлиб ўтади. Тадбирда 170 дан ортиқ давлатнинг технологик, фан, иқтисодий ва маданий ютуқлари муҳокама қилинади. Кўргазма ўтказиладиган жой Осака кўрфазидаги сунъий Юмешима ороли (япончадан таржимада «Орзу ороли») бўлади.
Кўргазма мавзуси «Designing future society for our lives» (Ҳаётимиз учун келажак жамиятни лойиҳалаш) бўлиб, у ижтимоий, жумладан, турмуш даражасининг пастлиги, соғлиқни сақлаш, таълим соҳасидаги муаммолар ва ҳоказоларни ҳал қилиш жараёнида юқори технологиялардан фойдаланишни назарда тутади.