Президент Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда боғча ва мактаб ёшидаги ногиронлиги бор болаларнинг таълим билан қамрови даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида гапирди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Қайд этилишича, уларнинг таълим билан қамрови Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида энг паст.

Республика бўйича бундай болаларни 16,5 минги мактабга, 17,5 минги боғчага бормайди, яна 11 минг бола махсус мактаб-интернатларда ота-онасидан узоқда ўқияпти.

Шунинг учун Ижтимоий ҳимоя агентлиги, ММТВ, вилоят ҳокимларига 1 февралгача ҳар бир туманда биттадан боғчада инклюзив таълим гуруҳини очиш топширилди.

1 сентябргача 954 та мактабда инклюзив синф ташкил қилиниб, яна 1 минг 800 нафар ногиронлиги бор бола таълим олиши учун шароит яратилади.

Ижтимоий ҳимоя агентлигига ҳаракати чекланган болаларга мактабга келиб-кетиш харажатини 75 фоизини қоплаш тизимини жорий қилиш топширилди.

Шунингдек, ментал ва жисмоний нуқсони бор болаларни ўқитадиган 90 та махсус мактабни кўп функцияли мактабга айлантириш кераклиги таъкидланди. Бу орқали ногиронлиги бор 2 минг бола ота-онаси билан яшаб, яқин ҳудуддаги мактабда ўқиш имконига эга бўлади.

Янги ўқув йилидан Тошкент шаҳрида битта шундай мактаб фаолияти йўлга қўйилиб, намуна қилинади.

Ўша йиғилишда президент 2025 йилдан оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилиниши ва тўловлари қисман қоплаб берилишини айтганди. Шу билан бирга, ректорларга камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшни ўқитиш топширилди. Уларнинг чет тили, IT каби тўгараклари харажатининг 80 фоизгача қисми бюджетдан тўланади.