Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда эҳтиёжманд аҳолини битта ижтимоий уй-жойга жойлаштиришдан воз кечилишини маълум қилди. Президент бу ҳақда 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасига бағишланган йиғилишда маълум қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Ҳозирда 400 та кўп қаватли ижтимоий уйда 25 минг аҳоли истиқомат қилади. Лекин улар яқин қариндошлари ва одатий яшаш шароитидан анча узоқлашиб қолмоқда. Шу муносабат билан эҳтиёжманд аҳолини битта ижтимоий уй-жойга жойлаштиришдан воз кечилади. Уларга ўзини маҳалласига яқин жойдаги уйни ижарага олишга рухсат берилади, харажати қоплаб берилади», — дея таъкидлади президент.

Йиғилишда Ижтимоий ҳимоя агентлиги директори Мансурбек Оллоёровга бу бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, айни вақтда мамлакатдаги камбағал оилалардаги 460 минг одам тиббий ёрдамга, 6 мингта оила эса уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож ҳисобланади.

Шу сабабдан 2025 йилда муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилади. «Ижтимоий дафтарлар» маблағи фақат камбағал оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларга тиббиёт, таълим хизматларини кўрсатиш ва даромадини оширишга сарфланади.

«Адолат бўлиши учун, эндиликда бу маблағлар тумандаги камбағаллар сонига қараб тақсимланади. Ижтимоий дафтарлар маблағининг 30 фоизини туман ҳокимларига „Инсон“ марказлари билан маҳалладаги уй-жой, йўл, сув ва электрни яхшилаш учун ишлатишга рухсат берилади», — деди Шавкат Мирзиёев.