Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди, адиб ва адабиётшунос Маҳкам Маҳмудов 84 ёшда вафот этди, дея хабар бермоқда уюшма матбуот хизмати.
Маҳкам Маҳмудов 1940 йилда Андижон вилоятининг Асака туманида туғилган, 1957−1962 йилларда Тошкент давлат университетида ўқиган. У 1960 йиллардан то шу кунгача газета ва журнал таҳририятлари ҳамда нашриётларда ишлаб келган. Маҳмудов дастлаб шоир бўлган, сўнгра насрга ҳам ўтиб, тарихий мавзулар ва фантастик жанрда ижод қилган.
Адиб «Бибихоним», «Шоҳлар маликаси», «Мовароуннаҳр юлдузи», «Султон Маҳмуд Ғазнавий», «Бойсунғур ибн Шоҳруҳ», «Имом Зайниддин Ғаззолий», «Мен — мен эмасман», «Тескари кўзлар сайёраси», «Сирли қаср», «Мангу куй излаб» сингари асарлар ёзган.
Унинг адабиётшунос сифатида ёзган «Талант ва ижод фалсафаси», «Абадият лаҳзалари», «Ҳайрат ва тафаккур» каби асарлари адабий ва илмий жамоатчилик эътиборига тушган.
Маҳкам Маҳмудов таржимон сифатида Аристотелнинг «Поэтика» рисоласини, Балзакнинг «Сағри тери тилсими» романини, Андерсен эртаклари, Стефан Свейгнинг «Куйган кўнгил фарёди» новеллалар тўпламини (Ўткир Ҳошимов билан), Оскар Уайлднинг «Юлдуздан тушган бола», «Садоқатли дўст» ҳикоялари ва бошқа асарларни ўзбек тилига ўгирган.
Адабиёт олдидаги хизматлари учун унга «Эл-юрт ҳурмати» (1998) ордени берилган.