Янги йилдан оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва боғча тўлови қисман қоплаб берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев жума куни ижтимоий ҳимоя соҳаси бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Президент бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббусни илгари сурди. Хусусан, у келгуси йилда 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага 2025 йилда камбағаллик юқори мингта маҳаллада биттадан оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Тойлоқ ва Косонсойда «Илк ривожланиш марказлари» очилиб, камбағал оиладаги ва ногиронлиги бўлган 4 минг 200 нафар болага боғча таълими берилган. Вилоят ҳокимларига ўзидаги ҳар бир туманда биттадан шундай тажрибани ташкил қилиш топширилди.

Бундан ташқари, камбағал оила фарзандларини чет тили, IT ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Мутасаддиларга 1 мартгача тўгараклар очиб, камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитишни бошлаш топширилди. Тўгарак харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланади.

Президент камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлигини таъкидлади. Олийгоҳ ректорлари ҳам камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшларни ўқитишга бош-қош бўлади. Вазир Конгратбай Шариповга бу борада тегишли топшириқлар берилди.