Президент Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасига бағишланган йиғилишда 2025 йил Инвестиция дастурига кирадиган 598 та ижтимоий объект лойиҳаси ногиронлиги бор одамларга мослаб ишлаб чиқилмаганини танқид қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Шавкат Мирзиёев ҳамма раҳбарлар ҳам эҳтиёжманд аҳолини ишли қилиб, даромадини кўпайтириш, уларга манзилли ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишни тўғри ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтди. Хабарда айтилишича, камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг минг нафари натижа кўрсата олмаган. Улардан 184 нафари ушбу оилалар хонадонига бирор марта ҳам бормаган.
Шунингдек, йиғилишда ногиронлиги бор шахслар бандлиги даражаси республикада 20 фоизга етгани билан, бу ишлар Жалақудуқ, Чимбой, Пастдарғом, Чортоқ ва Денов туманларида қониқарсиз экани таъкидланди. Мутасаддиларга ушбу туманларни намунали қилиш, ҳар бир масъулга аниқ вазифа белгилаш бўйича топшириқ берилди.