Президент Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасига бағишланган йиғилишда камбағал оилалардаги ўзи ҳаракатлана олмайдиган одамларнинг барчасига қараб туриш йўлга қўйилишини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Берилган маълумотга кўра, ҳозирда камбағал оилалардаги ўзи ҳаракатлана олмайдиган 23 минг одамга ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-укаси ёки опа-синглиси қараб ўтирибди. 2025 йилдан маҳалладаги ижтимоий ходимлар ва хусусий сектор иштирокида бу одамларни 19 мингига уйида ва 4 мингига кундузги қатнов асосида қараб туриш йўлга қўйилади.
Натижада яқинига қараб турган 15 минг аҳолинининг ишлашига шароит яратилади. Хусусий сектор бундай хизматни кўрсатган камбағал оилалар харажатининг 80 фоизини давлат қоплаб беради. Бу тажриба Тошкент шаҳрида келгуси йил 1 мартгача, бошқа ҳудудларда 2025 йил якунигача йўлга қўйилиши белгиланди.
Аввалроқ, бу йиғилишда президент 2025 йил Инвестиция дастурига кирадиган 598 та ижтимоий объект лойиҳаси ногиронлиги бор одамларга мослаб ишлаб чиқилмагани танқид қилгани ҳақида хабар берилганди. Шавкат Мирзиёев вилоят, туман ҳокимларига хатоларни тўғрилаш бўйича топшириқ берди.
Шунингдек, 2025 йилдан оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва тўловлари қисман қоплаб берилади. Президент ректорларга камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшни ўқитишни топширди. Уларнинг чет тили, IT каби тўгараклари харажатининг 80 фоизгача қисми бюджетдан тўланади.