АҚШ Давлат департаменти «Грузияда демократияга путур етказган ёки бунга шерик бўлганларга» нисбатан виза чекловларини эълон қилди.
Санкциялар 20 кишига, жумладан, Грузия ҳукумати вазирлари, парламент аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва хавфсизлик хизматлари ходимлари кабиларга таъсир қилади, дейилади хабарда. Рўйхатга киритилганларнинг исмлари келтирилмади.
«Қўшма Штатлар „Грузин орзуси“ партиясининг Грузия фуқароларига, шу жумладан, намойишчиларга, оммавий ахборот воситалари вакилларига, ҳуқуқ ҳимоячиларига ва мухолифат фаолларига нисбатан давом этаётган шафқатсиз ва асоссиз зўравонлигини қатъиян қоралайди. „Грузин орзуси“ Грузиянинг Евроатлантик келажагидан юз ўгирди, гарчи Грузия халқининг катта қисми буни хоҳлайди ва бу Грузия Конституциясида назарда тутилган», — дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида. Шунингдек, қўшимча санкциялар тайёрланаётгани ҳам маълум қилинди.
Грузия парламенти спикери, «Грузин орзуси» партияси аъзоси Шалва Папуашвили президент Жо Байден маъмуриятидан чиқаётган санкцияларни мантиқсиз деб атади.
«Бу сайловда ютқазган маъмурият, уларнинг мандати тугайди. Шунга қарамай, улар Америка халқининг Грузия каби муҳим ҳамкор билан муносабатларини бузмоқда. Бу бизни ўйлантиради», — деди Папуашвили журналистларга.
- Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе 2028 йил охиригача Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокаралардан воз кечишини эълон қилганидан кейин 28 ноябрдан буён оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Жараёнда ҳозиргача 500 нафаргача одам ҳибсга олинган.
- АҚШ Давлат департаменти ноябрь ойи охирида ҳукмрон «Грузин орзуси» партиясининг «турли антидемократик ҳаракатлари» туфайли Грузия билан стратегик шерикликни тўхтатганини эълон қилган.