Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси йўловчи ташиш нархларининг кескин кўтарилиши сабабли YandexGo UB (Yandex Go такси хизмати) компаниясига огоҳлантириш юборди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда платформада таксида йўловчи ташиш хизматлари нархлари ошиши кузатилмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан истеъмолчилардан қўмитага мурожаатлар келиб тушган.
Ҳолатлар юзасидан платформанинг декабрь ойидаги дастлабки 10 кунлик хизмат нархлари мониторинг қилинганда, нархлар динамикасида кескин ўзгариш кузатилгани аниқланди.
Октябрь ойида қўмита Yandex Go (Yandex Eats ҳамда Express24 қатори) компаниясини хизмат бозорида устун мавқега эга (монопол) деб топган. «Рақобат тўғрисида»ги қонунга асосан, устун мавқега эга деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъектнинг устун мавқеини суиистеъмол қилиш, хусусан монопол юқори нарх белгилаш тақиқланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қўмита Yandex Go`га такси нархларини пасайтириш бўйича чора кўриш ва платформа нарх алгоритмини қайта кўриб чиқиши бўйича огоҳлантирди.
Аввалроқ Рақобат қўмитасига фуқаролардан такси хизматлари сифати пастлиги, тўловлар билан боғлиқ муаммолар, ҳайдовчиларнинг қўпол муомаласи ва нархлар асоссиз ошириб юборилиши юзасидан мурожаатлар келиб тушганди. Улар орасида Yandex Go хизмати ҳам қайд этилганди.