Грузияда сайловчилар коллегияси янги президентни сайлади — у «Грузин орзуси» ҳукмрон партияси томонидан илгари сурилган собиқ футболчи ва депутат Михаил Кавелашвили бўлиб, ягона номзод эди.

Грузия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Кавелашвили 224 нафар сайловчининг овозини олган, битта бюллетень ҳақиқий эмас деб топилган. Кавелашвилини сайлаш учун коллегиянинг 300 аъзосидан камида 200 овоз олиш керак эди.

«Грузия қонунчилари Ғарбнинг ашаддий танқидчиси Михаил Кавелашвилини президент этиб сайлади ва ўтган ойда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокаралар тўхтатилгани сабабли катта норозилик намойишлари фонида уни амалдаги ғарбпараст президент (гап Саломе Зурабишвили ҳақида — таҳр.) ўрнига тайинлади», — деб ёзди Reuters.

53 ёшли президент — футбол бўйича Россия («Спартак‑Алания» сафида 1 карра) ва Грузия (6 карра) чемпиони, у Тбилисининг «Динамо» жамоасида ўйнаган. 2016 йилдан бери Кавелашвили «Грузин орзуси»дан парламент депутати бўлган, 2022 йилда эса ҳукмрон «Халқ кучи» партиясидан «ажралиб чиққан» партияга раҳбарлик қилган. Айнан шу партиядан сайланган депутатлар Грузиянинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунини кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурганди.

Овоз бериш пайтида парламентда Кавелашвилининг тайинланишига қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди; мухолифат сайланган президентни олий маълумотга эга бўлмагани учун танқид қилмоқда. Шунингдек, 17 кундирки Грузияда Европа интеграциясини қайта тиклаш ва парламентга янги сайлов ўтказиш талаби билан акциялар ўтказилмоқда.

Президент сайлови арафасида юзлаб намойишчилар парламент ташқарисида тўпланди. Баъзилари ташқарида футбол ўйнашар ва Кавелашвилининг спорт карьерасига масхараомуз ишора сифатида парламент биноси олдида қизил карточкаларни силкитишарди, дея қайд этди Reuters.

Грузиянинг олтинчи президенти беш йил муддатга сайланади. Инаугурация 29 декабрь куни бўлиб ўтади.

Бунга қадар парламент легитимлигини тан олмайдиган Грузиянинг амалдаги президенти Саломе Зурабишвили мамлакатда янги парламент сайловлари ўтказилмагунча ўз лавозимидан кетмаслигини маълум қилган эди. Зурабишвили Грузиядаги сўнгги тўғридан-тўғри сайловларда 2018 йилда сайланган. Шундан сўнг Конституцияга ўзгартиришлар киритилди ва энди сайловлар янги тизим бўйича — кўпчилик ҳукмрон «Грузин орзуси» вакиллари бўлган коллегия иштирокида ўтмоқда. Унинг қолган аъзолари — Грузия парламенти Олий кенгашлари ва шаҳар кенгашлари, шунингдек, Аджария ва Абхазия автоном республикалари вакилларидир.

26 октябрь куни Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтди, унда ҳукмрон «Грузин орзуси» партияси кўпчилик ўринни қўлга киритди. Мухолифат натижаларни тан олмади ва уларни сохта деб ҳисоблади.

Ҳокимиятдаги партиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнини 2028 йилгача тўхтатиш ҳаракати мамлакат конституциясига ёзилган узоқ йиллик миллий мақсадни тўсатдан тўхтатиб қўйди, бу Грузияда кенг кўламли норозиликни келтириб чиқарди. Reuters`нинг ёзишича, у ерда жамоатчилик сўровлари Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилиш жуда юқори эканини кўрсатган.