Ёшлар ишлари агентлиги 2024 йилда British Counsil ҳамда IDP IELTS имтиҳонида инглиз тилидаги билимларни баҳолаш бўйича IELTS сертификатини олган ўзбекистонлик ёшларнинг сонини маълум қилди.
Унга кўра, мазкур имтиҳонларда 5,5 ва ундан юқори балл олган ёшлар сони 2020 йилда 10 минг 152 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилда 52 минг 706 нафарга етган. Яъни 4 йилда 5 баробарга ўсиш кузатилган.
Хусусан, 2024 йилда 28 минг нафардан ортиқ 30 ёшгача бўлган шахслар IELTS`дан 5,5 ва 6 баллни қўлга киритган. Бу натижа ОТМларнинг бакалавриат босқичига топширишда чет тилидан максимал балл олиш учун етарли ҳисобланади.
Шунингдек, 7−8 балл (C1 даража)ни қўлга киритганлар сони 2020 йилда 1807 нафарни ташкил этган бўлса, 2024 йил ҳолатига 13 минг 424 нафарга етди. Ўз навбатида бу 7,4 баробарга ўсиш кузатилганини англатади.
IELTS`дан 8,5−9 балл (C2 даража)га эришганлар сони эса 2020 йилда 14 нафар бўлган, 2024 йил ҳолатига кўра, уларнинг сони 332 нафарга етди. Жумладан, 2024 йилда мазкур имтиҳондан 22 нафар ёш максимал балл олди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 1 майдан бошлаб IELTS, TOEFL, GMAT, GRE ва SAT имтиҳонларидан юқори балл тўплаган ёшларга имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилмоқда. Бунда имтиҳон топшириш харажатларини компенсация қилиш учун уларнинг ҳар бири бўйича минимал кўрсаткич белгиланган. Мисол учун, IELTS орқали билимларини синаб кўрган ёшлар компенсация олиши учун камида 7 баллик сертификатни қўлга киритиши керак.
2023 йил 3 март куни Ўзбекистонда илк бор IELTS имтиҳонида 9 балли натижа қайд этилгани хабар қилинганди.