Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 декабрь кунги йиғилишида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга транспорт воситалари ҳайдовчиларининг жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузгани учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу қонун жамоат транспортида йўловчиларга сифатли ва қулай хизмат кўрсатилишини ташкил этиш ва жамоат транспорти ҳаракати устуворлигини ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади, деб қўшимча қилди ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов қуйи палата мажлисида.

Рамазон Ашрапов.Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизматиРамазон Ашрапов.
Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Мутасаддининг маълум қилишича, таклиф этилаётган ўзгаришларга кўра, МЖТК 128-модда прим-7 билан тўлдирилмоқда. Унда белгилаб қўйилишича:

  • Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузиши базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
  • Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
  • Ёндош ҳудуддан чиқиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакни бўшатган ҳолда йўлнинг қатнов қисмига ўтаётган транспорт воситаларига йўл бермаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида жарима солишга олиб келади.

Ашраповнинг маълумотларидан кейин депутатлар томонидан қонун ишлаб чиқувчиларига турли саволлар берилди. Шу ўринда, Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов қонун лойиҳасига нисбатан бир қанча эътирозлар билдирди. Унинг таъкидлашича, охирги вақтларда Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан ишлаб чиқилган кўплаб ташаббуслар қонунчиликка киритилмоқда.

«Афсуски, бу нормаларнинг барчаси чегараловчи, имкониятни чекловчи, тақиқловчи ва жазони кучайтирувчи ташаббуслардир. Имконият яратадиган, либераллаштирадиган фикрларни камроқ учратяпмиз. 128-модда бор. Унда ҳайдовчиларга аниқ жавобгарлик белгиланган. Агар жамоат транспорти учун йўлак ажратилса, унда белги бўлади. Бу ерга кириш мумкин бўлмайди. Табиийки, бу орқали автоматик равишда жавобгарлик белгиланади. Ҳайдовчиларга ҳамма нарсага алоҳида-алоҳида жавобгарлик белгиланган. Халқаро тажриба бошқачароқ, чет элда бу борада аниқ механизмлар ишланган. Биз машина бошқарувчиларнинг ҳар бир ҳаракатига жавобгарлик ўрнатаверсак, охири нима бўлади? Ширинов жавоб беринг-чи», — дея савол берди қуйи палата спикери Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Шириновга.

У спикернинг саволига жавоб қайтарар экан, ушбу қонун лойиҳаси ҳам камчиликлардан холи эмаслигини таъкидлади. Ширинов янги тартиб жамоат транспортидан фойдаланиш тизимини янада қулай қилишини айтди.

Жаҳонгир Ширинов.Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизматиЖаҳонгир Ширинов.
Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

«Қўмитадаги муҳокамаларда ҳам жуда кўп саволлар келиб чиқди. Манфаатдор идоралар вакилларини ҳам чақириб маслаҳатлашдик. Айниқса, депутатимиз айтганидек, ёндош ҳудуддан чиқиб келиш масаласида қийинчиликлар туғилмоқда. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси ғояси жуда ҳам долзарб», — деди Ширинов.

Унинг таъкидлашича, қонун халққа хизмат қилади.

«Бу қонун жамоат транспортидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилади. Айтилганидек, бундай ҳаракатни квалификация қилишда МЖТКнинг бошқа моддалари билан тавсифлаш мумкин деган вариант ҳам кўриб чиқилди. Аммо тўғридан-тўғри мос келмаслигини аниқладик», — дея қўшимча қилди у.

Нуриддин Исмоилов қўмита раҳбарининг жавобини тинглагач, умумий тасдиқланган йўл қоидалари борлиги, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга яна қўшимча модда киритиш зарурияти нима сабабдан туғилганини сўради. У янги модда сабабли ҳайдовчилар битта қоидани бузиб, икки марта жаримага тортилиши мумкинлигини билдирди.

«Демак, кириш мумкин бўлмаган йўлакка кирмасин, кириб қолса, жавоб берсин. Агар бунда жазо енгил бўлса ва уни оғирлаштирмоқчи бўлсангизлар, бошқача ёзиш керак эди. Яъни йўл белгиларини бузмаслик, деб ҳам қўшиш керак эди. Бу ҳолатда ҳайдовчи бирваракайига иккита ҳуқуқбузарлик содир этган бўляпти. Йўл белгисига амал қилмаяпти, шу билан бирга, жамоат транспортига ажратилган йўлда ҳаракатланиш қоидасини бузмоқда. Соҳани тартибга солиш керак дейиляпти, республикада бундай йўлаклар 48 км масофани эгаллайди. Эртага сайловчиларга нима деймиз? Сайловчилар сизлар қачонгача жазони ошираверасизлар, деб сўрайди-ку. Бунга жавоб бера олишимиз керак», — дея таъкидлади спикер.

Муҳокама жараёнида депутатлар орасидан ўз фикрини билдириш учун Илҳом Абдуллаев сўз сўради. Унинг фикрича, ҳар бир қонун учун қабул қилиш вақти бўлади. Депутат ғоя яхши бўлса ҳам, қабул қилинаётган шароит ва даврга мос келмаслиги салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этган.

«Қонуннинг қабул қилиниши тирбандликда қолиб кетган автотранспорт воситаларининг эгалари учун жарима миқдорини оширади, бироқ йўловчи ташиш ҳажмини кўпайтирмайди. Бу ҳақда гапиришимиз керак. Автобус ҳар беш дақиқада бир марта белгиланган йўлакдан ўтади. Ҳамма машиналарни бир ёки икки қаторга тизиб қўйиб, жарималарни БҲМнинг беш баробаригача оширмоқчимиз. Бу мумкинми? Менимча, бунда мутлақо мантиқ йўқ», — дея таъкидлади Абдуллаев.

Бундан ташқари, муҳокама жараёнида «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам иштирок этди. У Нуриддин Исмоиловнинг ҳам, Илҳом Абдуллаевнинг ҳам фикрларига қўшилмаслигини билдирди. Қодировга кўра, жамоат транспорти учун йўлаклар ажратилиши жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган. Айниқса, Европа шаҳарларининг тор кўчаларида бу тажриба ижобий қўлланмоқда.

У қонунчиликдаги янги норма тирбандликнинг олдини олиш учун қилинмаяпти. «Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг структурасини бузяпти, деб ҳисобламайман, ҳар қанақа қонунчилик халқимизга хизмат қилиши керак», — дея фикрларини изоҳлади Алишер Қодиров.

«Кўряпсизлар, қўмитага иккинчи ўқиш учун ҳам кўплаб масалалар бор. Илтимос қиламан, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид ҳар қандай норма жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши керак. Чунки ҳар бир оилада машина бор, жуда кўп аҳоли транспорт воситасини бошқаради ва ҳар биримиз йўл ҳаракати иштирокчиси ҳисобланамиз», — деб қайд этди Нуриддин Исмоилов.

Унинг қўшимча қилишича, қўмита вакиллари ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишни сўраган. Спикер бўлса, қонун ижодкорларидан лойиҳани чуқур қайта таҳлил қилишни ва иккинчи ўқишгача билдирилган эътирозларни инобатга олган ҳолда тайёрлашни сўраган.

Якуний натижаларга кўра, 100 дан ортиқ депутат ушбу қонун лойиҳасини ёқлаб овоз берди. 16 нафар депутат қарши чиқди, 13 нафар депутат бетараф қолди, 2 нафар депутат овоз бермади. Шу тариқа, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.