Ўзбекистон Адлия вазирлиги медиа маҳсулотларни «маънавий экспертизадан ўтказиш» лойиҳаси жорий этилиши ҳақидаги хабарларга жавобан медиа маҳсулотлар фақат қонунийлик юзасидан экспертиза қилиниши мумкинлигини маълум қилди.
Адлия вазирлиги мазкур масала ўрганганда, унда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи умуммажбурий кучга эга бўлган ҳуқуқий нормалар белгилангани аниқланди.
«Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, вазирлик ва идораларнинг шундай турдаги ҳуқуқий ҳужжатлари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган бу турдаги ҳужжатлар тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди», — дейилади вазирлик хабарида.
Адлия вазирлиги хабарида келтирилишича, медиа маҳсулотларини «маънавий экспертиза»дан ўтказишни жорий этиш тўғрисидаги қарор ушбу ҳужжатни қабул қилган органлар томонидан бекор қилинган ва ижродан чақириб олинган.
Шу билан бирга, Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари томонидан турли манбаларда тарқатилган медиа маҳсулотларнинг амалдаги қонунчиликка зидлиги аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш юзасидан таҳлилий фикрлар тарзида ваколатли органларга белгиланган тартибда таклиф киритиб бориш мақсадга мувофиқлиги ҳақида тавсиялар берилган.
Маънавият ва маърифат маркази ноябрь ойи бошида «Маънавият экпертизаси» жорий этилишини эълон қилди. Лойиҳани цензура сифатида қабул қилган жамоатчилик ва ижодий соҳа вакилларининг танқидидан сўнг марказ экспертлар гуруҳи фақат тавсиялар беришини маълум қилди.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков «маънавият экспертизаси» лойиҳаси ҳозир халқ муҳокамасида, мазкур тартиб бўйича ҳали узил-кесил қарор қабул қилинмаганини айтди (гарчи Маънавият ва маърифат маркази лойиҳа иш бошлаганини эълон қилган бўлса ҳам). «Цензурани халқ талаб қиляпти, биз эмас. Халқ сўраяпти», деб қўшимча қилди вазир.
Маънавият ва маърифат маркази шу кунларда (12 декабрь) экспертлар гуруҳи таркибини қайта кўриб чиқиш ва давлат идоралари мутахассисларидан ташқари жамоатчилик вакилларини ҳам киритишини маълум қилганди.