Президент Шавкат Мирзиёев 2030 йилга бориб Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами истеъмолдаги улуши 54 фоизга етказилишини маълум қилди. Бу ҳақда у 13 декабрь куни Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида гапирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида 2030 йилгача мамлакатдаги қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 25 минг МВт ҳамда уларнинг жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш белгиланганди.

Давлат раҳбари маросимдаги нутқида мамлакатдаги энергоислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича режаларга қисқача тўхталиб ўтди. Унга кўра, 2030 йилга қадар яна 19 минг мегаватт «яшил қувват»лар барпо этилиб, қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Хусусан, 2025 йилда 3,4 минг мегаваттли 18 та қуёш ва шамол станциялари ҳамда 1,8 минг мегаваттли сақлаш тизимлари ишга туширилади. Бунинг натижасида келаси йилда «яшил энергия» ишлаб чиқариш ҳажмлари 12 млрд киловатт соатга етади.

«Бу 5 млн хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг ва 6,5 млн тонна зарарли газларни атмосферага чиқаришнинг олди олинади, деганидир. Келгуси 2 йилда хусусий тадбиркорлар билан бирга 2 мингдан ортиқ кичик ва микро-ГЭСлар ташкил қилиш бўйича катта дастур амалга оширилади. Бундан кейин ҳам соҳага хусусий сектор кириб келишини рағбатлантириб, электр энергияси бозорини ташкил этиш бўйича катта қадамлар қўйилади. Хусусан, келгуси йил якунига қадар рақобатли савдолар орқали электр энергияси улгуржи бозори яратилади», — деди президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев давлат-хусусий шерикчилиги нафақат йирик электр станциялари бўйича, балки соҳанинг бошқа йўналишларига ҳам кенг жорий қилинишини таъкидлади. Бундан ташқари, у «яшил энергетика» йўналишида минтақавий ва халқаро ҳамкорлик кенгайтирилишини қайд этди.

«Бу борада биринчи амалий қадам сифатида COP29 доирасида Қозоғистон, Озарбайжон ва Саудиялик ҳамкорлар билан «яшил энергия»ни Европа минтақасига экспорт қилиш бўйича илк битим имзоланди. Минтақавий энергия тизими барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшни давлатлар билан ягона платформа ишга туширилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари аҳоли ва маҳаллий тадбиркорлар соҳага катта қизиқиш билдираётганига ҳам тўхталиб ўтди.

«Бундай корхоналарни рағбатлантириш мақсадида ҳудудларни ривожлантириш дастурларида «яшил лойиҳа»лар улушини келгуси 5 йилда 5 баробарга оширилади. Бу борада техникумларда саноат корхоналари билан дуал таълим тизими, 5 та олийгоҳда илғор муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Шунингдек, энергетика, металлургия, кимё, электротехника соҳаларида нуфузли компаниялар билан бирга изланиш ва ривожлантириш йўналишида ҳамкорлик кенгайтирилади», — деди президент.

«Барчангизга ишонтириб айтмоқчиман: янги Ўзбекистон — инвестицияларни ҳар томонлама кафолатлайдиган, сизларнинг барча лойиҳа ва ташаббусларингизни тўла қўллаб-қувватлайдиган, хорижий ҳамкорларимиз манфаатларини ҳимоя қиладиган дунёга очиқ мамлакатдир», — деди Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида.