15−17 декабрь кунлари бутун Ўзбекистон бўйлаб жорий қиш мавсумида биринчи марта тунги ҳароратлар -10 даражадан пасайиб кетувчи совуқлик тўлқини кузатилади. Аммо бу аномал совуқлик тўлқини эмас.
«Ўзгидромет» ҳам аномал совуқликдан эмас, балки об-ҳавонинг кескин ўзгариши, совуқ тушиши билан боғлиқ кутилмалардан келиб чиқиб, тезкор гидрометеорологик ахборот ишлаб чиқди. Ўзи «аномал совуқлик» атамаси қачон, қандай вазиятларда қўлланади — шу ҳақда қисқача тушунтириш бериб ўтсак.
Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 августдаги «Гидрометеорология ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида ихтисослаштирилган хизматлар кўрсатиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида» 501-сон қарори 4б-иловасида Ўзбекистонда қачон аномал иссиқлик ёки аномал совуқлик кузатилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Шундай қилиб, «аномал совуқ» ибораси Ўзбекистонда октябрдан апрель ойига қадар бўлган даврда арктик совуқ оқимлар ортидан ўртача суткалик ҳаво ҳарорати орқама-кетин камида 5 кун ана шу давр учун хос бўлган сўнгги 30 йилликдаги ўртача суткалик ҳароратдан 7 даражага пасайиб кетсагина қўлланилади.
Республика ҳудуди географик жойлашуви турлича бўлгани ҳамда совуқ оқимлар республикага доим бир хилда таъсир кўрсатмаслиги инобатга олинса, бу каби аномал совуқлик тўлқини республикада доим ҳам кузатилавермайди. Масалан, Ўзбекистондаги сўнгги аномал совуқ 2023 йил январь ойи ўрталарида кузатилган бўлиб, ўшанда ҳақиқатан ҳам республиканинг деярли барча қисмида орқама-кетин 5 кун ўртача суткалик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 7 даражадан паст кузатилган. Бу эса деярли барча тармоқларда турли муаммоларни келтириб чиқарган эди.
Кутилаётган жорий совуқлик тўлқини ропа-роса бир йил аввалги об-ҳаво ўзгаришларига жуда ўхшаш. Шунинг учун жорий совуқ ҳаво оқимининг тармоқларга таъсирини баҳолашда 2023 йил 9−14 декабрь саналаридаги совуқлик омили оқибатларига назар ташлаш ва ўшанда йўл қўйилган камчиликларни такрорламаслик мақсадга мувофиқдир.
Бир йил аввалги энг совуқ тўлқин ва ҳозир кутилаётган совуқлик ўртасидаги ўхшашлик
2023 йилнинг 5 декабрида «Ўзгидромет» 9−14 декабрь кунлари республика ҳудудларида кескин ўзгарувчи об-ҳаво ўзгариши билан боғлиқ огоҳлантириш эълон қилган. Хабарда 9−11 декабрь кунлари ҳудудларда ёмғир-қор ёғиши, 12−14 декабрда эса ҳароратнинг кескин пасайиши жойларда тунда ҳарорат −10…−13 даража, кундуз −3…−8 даража пасайиши, шимолда кечаси ҳарорат минимуми −15…−20 даражагача пасайиши таъкидланган эди.
«Ўзгидромет»нинг 2024 йил 15−17 декабрь кунлари учун ишлаб чиққан 12 декабрдаги тезкор гидрометеорологик хабарида ҳам бир йил аввалги об-ҳаво ўзгаришларига ўхшаш рақамлар келтирилган. Жумладан, келаётган 16−17 декабрь кунлари кечаси −8…−13 даража, баъзи жойларда -15 даража совуққача, кундуз эса −0…−5 даража совуқ бўлиши прогноз қилинган.
«Ўзгидромет»нинг огоҳлантириш хабарида 15 декабрь куни жойларда ёмғир-қор ёғиши, кучли шамоллар бўлиши, айрим ҳудудларда шамолнинг тезлиги сониясига 20−25 метргача етиши мумкинлиги кўрсатилган. Декабрдаги биринчи жиддий совуқ оқимидан фарқли ўлароқ, бу сафарги нам ҳаво оқимлари жойларга кўпроқ ёғингарчилик билан кириб келиши кутилмоқда. Шунинг боис об-ҳаво агентлиги ўз хабарида йўлларда яхмалак ҳодисалари ҳам кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Ўзбекистонда 2024 йил 9−11 декабрдаги биринчи жиддий совуқ оқибатлари
Ўзбекистонда ўтган совуқ антициклоннинг 9−11 декабрь кунлари минтақага чуқур кириб келиши ҳудудларда -6 даража совуқдан -22 даражагача совуқни тақдим этди. Масалан, 11 декабрь республиканинг катта қисмига кучли совуқликни тақдим этган антициклон тонгги муддатларда ҳудудларда мавсум учун илк энг совуқ ҳароратлар қайд этилишига олиб келди.
9 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Ойгаинг» баланд тоғ кузатув станциясида ҳаво ҳарорати минимуми Цельсий бўйича -26,1 даража совуққача пасайди — бу жорий совуқлик тўлқинида кузатилган энг совуқ ҳароратдир. Ушбу станция аҳоли етиб бориши қийин бўлган тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, станцияга энг яқин аҳоли яшаш пункти ундан салкам 80 километр узоқликдаги Пском шаҳарчасидир.
Ўтган совуқлик тўлқинидаги биринчи заиф тармоқ энергетика берди. Масалан, тармоқ 9 декабрдан метан газ-заправкалар фаолиятига режа-график асосида чекловлар киритишга мажбур бўлди. Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши иссиқхоналар фаолиятида ҳам турли муаммоларни келтириб чиқарди. Хусусан, «Ҳудудгазтаъминот» корхонасининг Самарқанд вилояти филиали совуқ кунларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан узлуксиз таъминлаш учун иссиқхоналарга газ етказиб беришни 50 фоизгача қисқартириши ҳақида огоҳлантириш чиқарган.
Бир қатор халқаро прогностик об-ҳаво моделлари 12 декабрь куни Россиянинг Самара шаҳрида марказида атмосфера босими 995 гПа гача бўлган совуқ нам ҳаво оқими шаклланганганлигини тасдиқловчи космик тасвирларни узатди. Ушбу оқим Волгабўйи ҳудудлари орқали 14 декабрь куни дастлаб Ўзбекистоннинг шимолига, 15 декабрь куни эса мамлакатнинг қолган аксарият қисмига ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчиликларни олиб киради. Ўзгидрометнинг 13 декабрь куни учун янгиланган бошқа бир прогнозида ҳам 15−16 декабрь кунлари республиканинг катта қисмида аввалига ёмғир, кейинроқ қор ёғиши маълум қилинган.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир прогнози ва Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, 15 декабрь куни чорак суткада республиканинг айрим ҳудудларида 10−50 миллиметргача кучли ёғингарчилик бўлиши келтирилган. Бу, 1 гектар майдонга атмосферадан табиий равишда 100−500 тонна сув тушишини англатади. Марказнинг яна бир бошқа прогнозида Ўзбекистон 16−17 декабрь кунлари марказидаги атмосфера босими 1055 гПа гача бўлган совуқ антициклоннинг жануби-ғарбий чеккаси таъсирида бўлиши кўрсатилган. Айнан шу таъсир Ўзгидромет прогноз қилганидек, Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетишини келтириб чиқаради.
Кутилаётган янги совуқлик тўлқини турли тармоқларга сезиларли юкламалар бериши мумкин. Совуқлик тўлқинининг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини камайтириш учун давлат ва маҳаллий идораларнинг биргаликдаги ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга. Мазкур уч кунлик совуқлик тўлқинининг кишилар саломатлиги, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалик тармоқларига таъсирини юмшатиш, салбий оқибатларини камайтириш бўйича айрим тавсияларни бўлишишни лозим топдик.
Соғлиқни сақлаш тармоғига таъсирлар
15 декабрь куни совуқ нам ҳаво оқимининг минтақага кириб келиши фронтолди кучли шамоллар билан бирга кузатилади. Бу вақтда ҳудудларда қисқа вақт ичида атмосфера босимининг кескин ўзгариши, яъни «барик тубсизлик» ҳодисаси содир бўлади.
Бу ҳодиса қон босими ўзгаришидан азият чекувчи беморлар саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Ушбу ҳодисанинг энг кўп учрайдиган аломатлар — бош айланиши, бош оғриғи, фотофобия, ҳаво етишмаслиги, кўнгил айниши ва қон босимининг кўтарилиши ёки пасайиши. Бундай кунларда мия қон оқимининг бузилиши, гипертония, юрак хуружлари хавфи ортиши мумкин.
Тавсиялар. «Барик тубсизлик» ҳолатида оқилона иш ва дам олиш режимига риоя қилиш, стрессли ва ортиқча жисмоний фаолиятдан қочиш, уйқу режимига риоя қилиш тавсия этилади. Қаҳва, чой ва шакарли ичимликлардан кўра тоза газсиз сувни кўпроқ ичиш, умуман, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш муҳим.
16−17 декабрь кунлари республика аҳолиси 1040−1045 гПа гача бўлган юқори атмосфера босими таъсирида бўлади. Нормал атмосфера босими 1013,25 гПа экани ҳисобга олинса, юқори босим айрим тоифа кишилар саломатлигига таъсир кўрсатади.
Юқори атмосфера босими аҳоли соғлиғига, айниқса, аллергик, астматик ҳамда қон босими хасталиклари билан оғриётган кишиларга сезиларли таъсир қилиши мумкин. Атмосфера босими кўтарилган вақтда ташқи муҳитда узоқ қолиб кетиш оғир оқибатларга олиб келиши, ҳатто изғирин совуқ вақти ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Антицилонал жараённи инсон саломатлигига таъсири олдини олишда олдинги материаллардаги тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ.
16−17 декабрь кунлари нафақат ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши, балки минтақамизнинг айрим ҳудудларида аҳоли очиқ ҳавода кучли совуқлик стрессларига ҳам дуч келиши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда қишда ҳарорат кескин пасайганида кишиларда турли ўзгариш ва касалликлар кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Бу ҳақида минтақага олдинги совуқлик тўлқинининг кириб келишида саломатликка таъсири ва унинг салбий оқибатларини камайтиришда турли тавсиялар ҳақида олдинги материалимизда атрофлича тўхталиб ўтгандик.
Энергетика тармоқларига таъсирлар
Совуқ об-ҳаво уй-жой комунал хўжалиги, электр энергияси тармоқларида юкламанинг ортишига, газ қувурларида газ босими кескин пасайишига сабаб бўлади.
Бу сафарги совуқлик тўлқини декабрнинг 9−11 санасидаги совуқликдан кучлироқ бўлиб, унинг кучи асосан жуда ҳам кўплаб аҳоли истиқомат қилувчи вилоятларга тўғри келиши энергетик тармоқларга янада кучли босимни яратади. Жорий икки кунликда кўплаб катта шаҳарларда ҳаво ҳароратининг тунда ва тонгда −12…−15 даражагача пасайиши мумкин. Энерготармоқ бу каби совуқлик тўлқинлари юкини камайтиришда мавжуд барча ресурсларини тўғри йўналтира олиши керак.
Тавсиялар. Энергетика тармоқларининг совуқлик муҳитига тайёр туриши бўйича бошқа тавсияларни ҳам бериш мумкин:
- қувурлар ва трансформаторларни музлашдан ҳимоя қилувчи махсус изоляция тизимларини текшириш;
- электр истеъмоли кўп бўладиган вақтларда тармоқда электр энергия барқарорлигини таъминлаш учун захира электр станцияларини тайёрлаш;
- табиий газ таъминотини барқарор таъминлаш учун қувурларни доимий равишда текшириш;
- электр энергия талабини мониторинг қилиш ва аварияларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича режаларни амалга ошириш;
- эҳтимолий авариявий ҳолатлардан аҳолини хабардор қилиш.
Транспорт тармоқларига таъсири
Келаётган совуқ нам ҳаво оқими ва ҳароратнинг кескин совиши ҳолати ўтган сафарги совуқлик тўлқинидан фарқли ҳисобланиб, бу сафарги об-ҳаво ўзгаришлари аввалига жойларга кўп миқдорда ёғингарчилик (ёмғир-қор) улашади ва ортидан ҳароратнинг кескин пасайиши содир бўлади. Бунда йўлларда яхмалак, музлама ҳодисалари кузатилади.
Бу каби ҳолатлар автомобиль йўлларида автомобиллар ҳаракатини ёмонлаштиради. Шунинг учун масъул тузилмалар йўлларда қор уюмлари ҳосил бўлиши олдини олишда автомобиль йўли четида захира қум уюмларини ҳосил қилиши, кучли қор ёғиш даврларида магистрал автомобиль йўлларида музлама ҳосил бўлмаслик олдини олиш ишларини ташкиллаштириши керак бўлади.
15−16 декабрь кунлари, катта эҳтимол билан, «Қамчиқ» довонидан кесиб ўтувчи автойўлда об-ҳавонинг кескин ўзгариши билан боғлиқ кучли қор бўронлари, йўлларда тез-тез қор уюмлари ҳосил бўлиш хавфи бор. Ушбу кутилмалардан келиб чиқиб, довондаги масъул тузилмалар куну-тун хавфли об-ҳаво ҳодисаларини камайтириш чораларини кўриши керак.
Қишлоқ хўжалиги тармоқларига таъсирлар
Кутилаётган жорий совуқлик тўлқини дала экинларига сезиларли салбий таъсир кўрсатмайди, чунки кўплаб экинлар айни дамда қишки «тиним даври»га кириб бўлди. Жорий совуқлик тўлқини айниқса кузги буғдой ривожи учун айни муддао. Масалан, тупроқнинг чуқурроқ музлаши келгуси суғориш даври учун қурт-қумурсқалар хавфини камайтиради.
Айни вақтда, жорий совуқлик тўлқини иссиқхоналар фаолиятини оғирлаштиради. Шунингдек, токзорчилик ва анорчилик йўналишида сифатли ўралмаган ток ва анорларни совуқ уриши мумкин.
Тавсиялар:
- иссиқхоналардаги ҳароратни мунтазам назорат қилиш ва қўшимча иситиш тизимларини ишга тушириш;
- очиқ майдонлардаги экинларни совуқ уришидан ҳимоя қилиш учун геотекстил ёки мулча каби материаллар билан ёпиш;
- кеч экилган, айниқса, 1−2 барг ҳолатида бўлган ғалла майдонларига чириган маҳаллий ўғит (гўнг) сепиш;
- электр энергияси бўйича чекловлар бўлишини инобатга олиб, насос агрегатлари ва лоток тармоқлари музлаб ёрилишининг олдини олиш учун улардан фойдаланишни вақтинча тўхтатиш;
- чорва учун қўшимча иссиқ жойларни ташкил этиш;
- совуқда ҳайвонларда энергия сарфи ошишини инобатга олиб, қўшимча ем-хашак захирасини тайёрлаш.
Турли фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолининг ис газидан заҳарланиб қолмаслиги учун тарғибот ишларини кучайтириш лозим.
Бундан ташқари, ФВВ ва унинг жойлардаги бўлинмалари 15 декабрь куни кўплаб ҳудудларда сониясига 20−25 метргача эсиши кутилаётган кучли шамол пайти аҳолини тўғри ҳаракатланиши бўйича тарғибот чораларини кўриши, хусусан, жойларга ўрнатилган байрам арчаларининг кучли шамолга бардошлилигини кўздан кечириши лозим.
17 декабрь куни кучли совуқлик омили ортидан катта дарёларда муз оқимлари ҳосил бўлиши эҳтимолидан келиб чиқиб, ушбу ҳодисанинг дарё ўзанларида хавфсиз оқиб ўтиш бўйича куну-тун ҳушёрликни ошириши зарур. Тарновларда осилиб қоладиган яхмалак (сумалак) ҳодисаларидан аҳоли жабр кўрмаслиги учун ҳам тавсиялар бериш мумкин.
Қирғизистон Тўхтағул сув омборидан Норин дарёсига кўп миқдорда сув ташланиши кутилаётган совуқлик тўлқинида ҳам давом этади. Шу боис ФВВ бўлинмалари Норин дарёсининг Наманган вилоятидан оқиб ўтувчи қирғоқларидаги вазиятдан куну-тун хабардор бўлиши мақсадга мувофиқ.
Умуман олганда, кутилаётган жорий совуқлик тўлқини 2023 йил (бир йил аввалги) куз-қиш мавсумидаги энг кучли совуқлик тўлқинига яқин бўлиб, тармоқлар унинг оқибатларини камайтиришда юқорида келтирилган тавсияларга амал қилса, аҳоли саломатлиги ва иқтисодий хавф-хатарларнинг олди сезиларли даражада олинган бўлур эди.