Баҳрайннинг Манама шаҳрида 6−15 декабрь кунлари ўтказилган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали билан ўз иштирокини тугатди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, -109 кг вазн тоифасида иштирок этган Руслан Нурудинов даст кўтариш машқида 182 кг билан бешинчи ўринни банд этган бўлса ҳам, силтаб кўтариш дастурида 242 кг билан 3 йил аввал Тошкентда ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилашга эришди.
Шу тариқа, унинг умумий ҳисобда қайд этган 424 кг натижасини ҳеч бир атлет янгилай олмади ва Нурудинов учинчи бор икки кураш бўйича жаҳон чемпионлигига сазовор бўлди.
Эркаклар ўртасида -109 кг вазн тоифасидаги даст кўтариш машқида Шарофиддин Амриддинов олтин медалга қўлга киритди.
У ушбу машқни 184 кг билан якунлашга муваффақ бўлди. Спортчи силтаб кўтаришда 212 кг билан олтинчи, умумий ҳисобда эса 396 кг билан бешинчи бўлди.
Спортчи Муҳаммадқодир Тоштемиров -81 кг вазн тоифасида даст кўтариш машқида 165 кг натижа билан кумуш медалга эга чиқди.
Силтаб кўтариш машқида эса Тоштемиров 190 кг билан тўққизинчи бўлди ва умумий ҳисобдаги 355 кг билан бронза медалига сазовор бўлди.
Оғир атлетикачи Сарварбек Зафаржонов -89 кг вазн тоифасининг «А» гуруҳида қатнашиб, бронза медалига сазовор бўлди.
У даст кўтариш машқида 171 кг натижа қайд этиб, учинчи ўринни эгаллади. Бироқ силтаб кўтаришда 204 кг билан олтинчи, якунда 375 кг билан тўртинчи поғонадан жой олди.