Ўзбекистонлик профессионал боксчи, собиқ жаҳон чемпиони ва Жаҳон бокс ассоциацияси (WBА) версияси бўйича мажбурий даъвогар Муроджон Аҳмадалиев биринчи енгил вазн тоифасида навбатдаги ғалабасини қўлга киритди.
15 декабрга ўтар кечаси Монте-Карлода (Монако) 30 ёшли ўзбекистонлик 27 ёшли мексикалик Рикардо Эспиноса Франкони мағлубиятга учратиб, WBА йўналиши бўйича вақтинчалик чемпионликка эришди.
Аҳмадалиев биринчи дақиқаларданоқ аниқ қарши зарбалар эвазига устунликка эга бўлди ва учинчи раунддаёқ Эспиносани уч марта йиқитиб, ҳакамни жангни тўхтатишга мажбур қилди. Жанг техник нокаут билан якунланди.
Жангдан сўнг асли наманганлик боксчи мутлақ чемпион Наои Иноуэга рақиблик қилишга тайёрлигини айтиб, япониялик боксчини WBА бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга чақирди.
Иноуэ чемпионлик унвонини 24 январь куни IBF`нинг мажбурий рақиби Сем Гудманга қарши ҳимоя қилади.
Наои Иноуэ супер вазн тоифасида амалдаги мутлақ жаҳон чемпиони, тўртта вазн тоифасини забт этишга муваффақ бўлган ва ҳеч қачон мағлуб бўлмаган боксчи ҳисобланади. Япониялик боксчи Жаҳон бокс кенгаши (WBC), Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBО), Халқаро бокс федерацияси (IBF) ва Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBА) чемпионлик унвонларига эга.
Муроджон Ахмадалиев 1994 йил 2 ноябрда Наманган вилоятида туғилган. Ҳаваскор боксда Осиё чемпиони (2017), жаҳон вице-чемпиони (2015) ва 2016 йилги Олимпиаданинг бронза медали совриндори бўлган. 8 та жанг ўтказиб, иккита (WBА ва IBF) чемпионлик камарини қўлга киритган ўзбекистонлик биринчи ягона жаҳон чемпиони ҳисобланади.
Видео