Президент Садир Жапаров фармонига кўра, 16 декабрь куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва президент администрацияси раҳбари Акилбек Жапаров бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Маълум қилинишича, Жапаров ўз хоҳишига кўра ариза ёзган. Ҳукуматнинг навбатдаги раҳбари ким бўлиши ҳозирча номаълум. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланиши мумкин.

Ўз навбатида, Адилбек Касималиев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ва президент администрацияси раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов Жапаровнинг истеъфосига изоҳ бераркан, президент Садир Жапаров ўз маъмурияти раҳбарияти ва Вазирлар Маҳкамаси ротацияси тўғрисида қарор қабул қилганини билдирди.

«Бу қарор мантиқий ва унинг мамлакат жадал юксалишига янги суръат бағишлаш, давлат бошқаруви ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт услубини янгилаш истаги билан боғлиқ. Шубҳасиз, Акилбек Жапаров республикамиз тарихига нафақат мустақиллигимизнинг дастлабки 30 йилида тўплаган бебаҳо тажрибаси билан ҳисса қўшган, балки ҳокимиятнинг бутун вертикал тизимини бутунлай қайта дастурлаган ва қайта ишга туширган, барчамизни самарали ва виждонан бошқаришга ўргатган давлат арбоби сифатида киради», — деб ёзади Байсалов.

«Акилбек Жапаров узоққа кетгани йўқ. У давлатимиз раҳбари билан унинг энг яқин сафдоши сифатида ёнма-ён бўлиб, халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона хизматини давом эттиради. Бугун унга ўзимнинг энг самимий тилакларим ва миннатдорлигимни изҳор этмоқчиман. Раҳмат сизга, Акилбек Усенбекович!» — дейилади хабарда.

Акилбек Жапаров 2021 йил 1 июндан 12 октябрга қадар вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2021 йил 13 октябрдан эса ҳукумат раиси ва президент маъмуриятини бошқариб келаётганди.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасига энди ким раҳбар бўлиши мумкин?

Жапаровнинг кутилмаган истеъфосидан сўнг бўлажак ворислар фаол муҳокама қилинмоқда. Ҳозирча тўрт нафар нуфузли шахс тилга олинмоқда, деб ёзади 24.kg. Улар:

Камчибек Ташиев — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, 56 ёшда. Президент Садир Жапаровнинг яқин сафдоши Ташиев ўзининг қатъий позицияси ва куч ишлатиш тузилмаларидаги тажрибаси билан машҳур. Унинг тайинланиши мамлакатда хавфсизлик ва барқарорлик устидан назоратни кучайтириши мумкин.

Адилбек Касималиев — 64 ёшли давлат арбоби, Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ва президент администрацияси раҳбари вазифасини бажарувчи. Илгари молия вазири ва бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган тажрибали молиячи.

Бакит Торобоев — Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг ўринбосари ва ўринбосарлик асосида қишлоқ хўжалиги вазири, 51 ёшда. Торобоев ҳукуматни бошқариши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар анчадан бери айтилади. Бироқ ҳокимиятга кўтарилишнинг мавжуд амалиётини ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги вазири илгари ҳеч қачон бош вазир лавозимига кўтарилмаган.

Омурбек Бабанов — 54 ёшли собиқ бош вазир. Президент Садир Жапаров билан яқинда бўлиб ўтган учрашувлар унинг Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятига қайтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишларга сабаб бўлмоқда. Бабанов номзоди кутилмаган, аммо стратегик жиҳатдан асосланган танлов бўлиши мумкин.