16 декабрь куни Суриянинг ағдарилган президенти Башар Асад унинг Россияга қочиши сабабларини тушунтирувчи баёнот эълон қилди. Таъкидланишича, Асад «хавфсизлик нуқтаи назаридан алоқа бутунлай узилгани» сабабли аввалроқ чиқиш қила олмаган.

Асад номидан Сурия президенти девонхонаси эълон қилган баёнотда, хусусан, унинг «Суриядан кетиши режалаштирилмагани ва бу баъзилар таъкидлаганидек жангларнинг сўнгги соатларида содир бўлмагани» айтилади. Собиқ президентнинг сўзларига кўра, у Дамашқда «8 декабрь, якшанбанинг илк соатларига қадар» қолган.

«Террорчи кучлар Дамашққа кириб келганида мен жанговар операцияларни кузатиш учун россиялик иттифоқчиларимиз билан ҳамкорликда Латакияга кўчиб ўтдим», — дейди Асад.

Унинг сўзларига кўра, у Россиянинг Хмеймим авиабазасига келганида «қўшинлар барча жанговар линиялардан тўлиқ олиб чиқилгани ва армиянинг сўнгги позициялари қулагани аниқ бўлган». Асадга кўра, авиабазанинг ўзи ҳам дронлар ҳужумига учраган. Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, собиқ президентнинг таъкидлашича, айнан Москва Хмеймим базаси қўмондонлигидан 8 декабрь куни кечқурун уни мамлакатдан зудлик билан эвакуация қилишни сўраган.

«Бу воқеалар пайтида мен ҳеч қачон истеъфога чиқиш ёки бошпана сўраш ҳақида ўйламаганман ва ҳеч бир шахс ёки партия менга буни таклиф қилмаган. Ягона чора террорчилик ҳужумига қарши курашни давом эттириш эди», — деган Асад «урушнинг биринчи кунидан бошлаб шахсий манфаат йўлида ўз ҳаётини сақлаб қолишдан воз кечганини» ва курашни тўхтатмаганини таъкидлади.

«Давлат террорчилар қўлига тушса, ҳар қандай лавозим ўз маъносини йўқотади, бу эса унинг ишини маъносиз қилади», — деди у ва Сурияга тегишлилигини ҳамда мамлакат «яна эркин ва мустақил бўлишига» умид қилишини қўшимча қилди.

Маълумотларга кўра, мактуб 2024 йил 16 декабрда Москвада ёзилган. Reuters агентлиги аввалроқ Башар Асад мамлакатни тарк этиш режалари ҳақида ҳеч кимни, жумладан, яқин атрофдагиларни ҳам олдиндан огоҳлантирмаганини маълум қилганди. Асад, агентлик маълумотларига кўра, 7 декабрь куни Мудофаа вазирлигида ҳарбий раҳбарият билан учрашган. У Россия ҳарбий ёрдами тез орада етиб келишига ишонтирган. Шу билан бирга, Reuters манбаларига кўра, бундан бир неча кун олдин Асадга «Россия ҳеч қандай ҳарбий ёрдам кўрсатмаслигини аниқ-равшан англатишган».

Агентликнинг уч нафар суҳбатдошининг сўзларига кўра, Асад дастлаб БААга яширинмоқчи бўлган, бироқ мамлакат расмийлари халқаро муносабатдан қўрқиб, уни рад этган. Бироқ Москва ҳарбий аралашувдан бош тортганига қарамай, «Асадни ўз ҳолига ташлаб қўйишга тайёр эмас эди». Бир версияга кўра, Асаднинг фарзандлари ва хотини у Сурияни тарк этган пайтда аллақачон Москвада бўлган.