15 декабрь куни Россия шаҳарларида ота-она қарамоғисиз қолиб кетган болалар Ўзбекистонга қайтарилди, дея хабар бермоқда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, агентлик Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ходимлари билан ҳамкорликда Россиянинг олтита ҳудудида жойлашган 10 нафар болани ватанга қайтариш бўйича ишларни бошланган.
Ўрганишлар жараёнида Ташқи ишлар вазирлиги консуллик муассасалари кўмагида яна 5 нафар бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлгани аниқланган.
Улар ватанга қайтарилиб, улардан 10 нафари ўз оилаларига қайтарилишига қадар Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига, қолган 5 нафари эса вақтинчалик Тошкент шаҳридаги Болалар уйига жойлаштирилган.
«Болалар қайтарилгач мутасадди ходимлар уларнинг оилавий муҳити ва боланинг ҳолатини мунтазам мониторинг қилади ва зарурият туғилганда ижтимоий хизматлар бириктиради», — дейилади хабарда.