Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси интернетда таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва ставкалар (букмекерлик) ташкилотчилари учун лицензия олиш талаблари ва шартларини тасдиқлади. Қарор 6 декабрь куни қабул қилинган бўлсада, 12 декабрга келибгина эълон қилинди.

Мазкур ҳужжат президентнинг апрель ойидаги фармонини ижро этиш мақсадида қабул қилинган бўлиб, унга кўра 2025 йил 1 январдан бошлаб таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар ва букмекерлик фаолиятини ташкил этишга рухсат берилади.

Ҳукумат лицензияловчи орган (Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, ИЛМА) томонидан берилган лицензиялар асосида ташкил этилган лотереялар, интернет ўйинлар ва букмекерлик ставкаларида иштирок этиш қонуний ҳисобланишини белгилайди.

Лотереялар анъанавий тарзда қоғозда лотерея билетларини чиқариш, шунингдек, электрон шаклда ташкил этилади.

Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерликни ташкил этиш фаолиятини амалга ошириш учун 5 йил муддатга намунавий лицензиялар берилади.

Қимор ўйинлари ташкилотчилари ўз хизматларини тақдим этиш учун фақат битта миллий интернет сегменти доменидан фойдаланиши мумкин.

Онлайн ўйинлар учун дастурий таъминот, шунингдек, лотереялар учун тасодифий сонларни генерация қилиш технологиялари лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган ваколатли органлар ва синов лабораториялари томонидан берилган мувофиқлик сертификатларига эга бўлиши керак.

Ўзбекистонда, шунингдек, ўйинчилар рўйхати, чекловлар, шу жумладан сарфланиши (ўйналиши) мумкин бўлган суммалар, транзакциялар ва ютуқлар бўйича тўловлар лимитларини ўз ичига олган ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат реестри юритилади.

ИЛМА реестрни ишлаб чиқиш буюртмачиси, Uzinfocom давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлашнинг ягона интегратори — реестрни ишлаб чиқувчи ва оператори ҳисобланади.

Лотерея билетларини (ёки лотереяда иштирок этишнинг бошқа шаклларини) сотишдан олинган маблағлар иштирокчилар ўртасида ютуқлар (совринлар) тарзида муайян энг кам нисбатларда тақсимланиши керак:

  • Анъанавий лотереялар (бунда чипталар қоғоз шаклида чиқарилади) учун иштирокчиларга ютуқларни тўлаш учун йиғилган умумий даромаднинг камида 50 фоизи ажратилади. Маблағларнинг қолган қисми (50 фоизгача) ташкилотчилар томонидан харажатлар, солиқлар, йиғимлар ёки фойдани қоплаш учун ишлатилиши мумкин.
  • Электрон лотереялар (бунда иштирок этиш рақамли платформалар орқали амалга оширилади) учун иштирокчиларга ютуқларни тўлашга жами йиғилган даромаднинг камида 75 фоизи ажратилади.

Интернет-ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкил этиш учун лицензиялар беришдан ва уларни ўзгартиришдан тушадиган давлат божининг 20 фоизи лицензияловчи орган ҳисобига ўтказилади.

Қарорга кўра, бир вақтнинг ўзида қуйидаги мезонларнинг камида иккитаси мавжуд бўлса, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, жумладан, интернет-ўйинлар, букмекерлик гарови ва лотереяларнинг ўтказиш жойи сифатида Ўзбекистон Республикаси тан олинади:

  • ўйинчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлса;
  • ўйин Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилган бўлса;
  • ўйинчи ўйинда Ўзбекистон ҳудудидан қатнашса;
  • ўйинга кириш учун Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган IP-манзил ва/ёки Ўзбекистон халқаро кодига эга мобил телефон рақамидан фойдаланилади;
  • пул маблағларини киритиш ва чиқариш учун Ўзбекистон банклари томонидан эмиссия қилинган банк карталаридан фойдаланилади ёки ҳисоб-китоблар ва клиринг Ўзбекистон ҳудудида ўтказилади;
  • ўйин Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ўйинчилар учун мўлжалланганда, жумладан, давлат тилида тақдим этилганда ёки реклама қилинганда.

Қимор ўйинларининг ташкилотчилари янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишлари, букмекерлик ўйинларига ставкаларни ва онлайн-ўйинларда иштирок этиш учун тўловларни фақат ўзларининг расмий веб-сайтлари орқали электрон шаклда қабул қилишлари, ставкалар ва ўйинчилар реестридан фойдаланишлари ва ўйинчининг шахсини тасдиқлашлари шарт.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига қуйидаги ваколатлар берилади:

  • Ўзбекистон Республикаси резидентларига таваккалчиликка асосланган ўйинлар ва лотереялар ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахслар фаолиятини текшириш. Бунда бундай текширишларга Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан давлат назорати тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари татбиқ этилмайди;
  • Хорижий юридик шахсларга нисбатан таваккалчиликка асосланган лотереялар ва ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарималар қўллаш. Бунда жарима суммасининг 50 фоизи лицензияловчи органнинг ҳисобварағига ўтказилади;
  • Лотереялар, интернет-ўйинлар ва букмекерлик ставкаларини ташкил этиш фаолиятини лицензиялашда, шунингдек ушбу фаолиятни тартибга солиш ва назорат қилишда асосланган мулоҳазадан фойдаланиш.

ИЛМА қуйидагиларни юритади:

  • Интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик ставкаларига асосланган ўйинларда иштирок этиш тақиқланган Ўзбекистон фуқаролари ва чет эл фуқаролари тоифаларининг рўйхати;
  • Таваккалчиликка асосланган ўйинларга қарамлиги мавжуд шахслар рўйхати. Жисмоний шахс ушбу рўйхатга ўз аризасига кўра 6 ойдан 5 йилгача муддатга ёки суд қарори асосида яқин қариндошининг аризасига кўра 5 йилгача муддатга киритилиши мумкин.

Уч ой муддатда Ўзбекистон фуқароларининг ёши, соғлиғи, даромад манбалари ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда интернетдаги қимор, лотерея ва ставкаларда иштирок этиши тақиқланган тоифаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Рақамли технологиялар вазирлиги чекловлар рўйхати тасдиқлангандан сўнг икки ой муддатда вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини техник кўмак кўрсатган ҳолда реестрдаги тегишли маълумотлардан фойдаланиш учун уланишини таъминлаши керак.

Ўйинлар ва ставкалар ташкилотчилари учун талаблар

Ўзбекистонда қимор ўйинлари, ставкалар ва лотереяларни ташкил этиш билан фақат юридик шахслар — мамлакат резидентлари шуғулланиши мумкин. Улар ўйинлар ташкил этиладиган серверларни мамлакат ҳудудида жойлаштиришлари керак.

Ўйинлар ва ставкалар ташкилотчилари учун энг кам устав капитали 150 минг БҲМни (56,25 млрд сўм), лотереялар учун эса 55 минг БҲМни (20,625 млрд сўм) ташкил этади.

Бундан ташқари, банкдаги махсус ҳисоб рақамида ўйинлар ва ставкалар учун БҲМнинг 75 минг баравари (28,125 млрд сўм) ва лотереялар учун БҲМнинг 40 минг баравари (15 млрд сўм) захира жамғармасини шакллантириш зарур. Бу пуллар ютуқлар бўйича қарзларни тўлаш, ставкаларни қайтариш, солиқ ва бошқа мажбуриятларни бажаришга йўналтирилади.

Қуйидаги шахслар интернет тармоғида ўйинлар, букмекерлик фаолияти ва лотереялар ташкилотчиларининг раҳбарлари бўлиши мумкин эмас:

  • террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётганлар;
  • иқтисодий жиноятлар, жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, коррупция, кибержиноятлар учун гумон қилинаётган ёки судланган, бундай шахсларнинг судланганлиги олиб ташланмаган ёки тугалланмаган бўлганлар;
  • уч йилдан кам вақт олдин лицензия талаблари бузилганлиги сабабли қимор ўйинларини ташкил этиш лицензиясидан маҳрум этилган компанияларнинг таъсисчилари, бош бухгалтерлари ёки ижрочи лавозимларида ишлаган бўлганлар;
  • икки йилдан камроқ вақт олдин банкрот деб топилган компаниянинг ижроия органи аъзолари бўлганлар.

Бундан ташқари, даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган мамлакат резиденти ташкилотчи компания таъсисчиси бўла олмайди.

Шунингдек, ушбу тоифадаги шахсларга бош бухгалтер бўлиш тақиқланади.

Таъсисчи ва якуний бенефициар ўртасида учдан ортиқ бўғиндан иборат ҳаддан ташқари мураккаб эгалик тузилмаси бўлмаслиги керак. Раҳбарлар таркибидаги ўзгаришлар, шунингдек устав капиталидаги улушларни бошқа шахсларга ўтказиш бўйича ҳаракатлар ИЛМА билан келишилиши лозим.

Лотереялар ташкилотчилари учун қўшимча лицензия талаблари ва шартлари белгиланган. Хусусан, чиқарилган ва муомалада бўлган лотерея билетлари ҳажми фаолиятнинг биринчи йилида литсензиатнинг ўз маблағлари миқдорининг 5 бараваридан, иккинчи йилида 10 бараваридан, кейинги йилларда 25 бараваридан ошмаслиги керак. Агар литсензиатнинг ўз маблағлари етарли бўлмаса, лотерея ўйинларини режалаштирилган ҳажмда ўтказишга фақат молия ташкилотларининг кафолатлари мавжуд бўлган тақдирдагина рухсат берилади.

Лицензия олиш қиймати

Қимор ўйинлари ташкилотчиларини лицензиялаш ва соҳани тартибга солиш учун Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги масъулдир. Фаолиятнинг ҳар бир тури алоҳида лицензияни талаб қилади.

Лицензия 5 йил муддатга берилади. Янги лицензияни расмийлаштириш учун БҲМнинг 500 баравари (18,75 млн сўм), уни ўзгартириш учун — БҲМнинг 250 баравари (9 375 000 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

ИЛМА букмекерлар ва қимор ўйинлари ташкилотчиларидан барча ставкалардан, шунингдек, ҳар бир лотерея чиптаси учун тушумдан 1 фоиз миқдорида ҳақ олади. Лотереялар ташкилотчилари лотерея ўйинларини ўтказиш талабларини тасдиқлаганлик учун соврин фондининг 0,1 фоизи миқдорида йиғим тўлайди.

Тақиқлар

Интернетда қимор ўйинлари, лотереяларни ташкил этиш ва ўтказишда қуйидагилар тақиқланади:

  • Қимор ўйинлари, лотереялар ва букмекерлик ставкаларида иштирок этиш, ютуқ ёки мағлубият билан боғлиқ тўловларни 18 ёшга тўлмаган шахсларга тегишли банк ҳисобварақларидан, шу жумладан банк карталаридан амалга ошириш;
  • Лотерея билетларини сотиш шохобчаларидан ташқарида қимор ўйинларини ўтказиш учун мўлжалланган, ўйинчиларнинг бевосита иштирок этиши ва ҳозир бўлишини талаб қиладиган стационар ёки мобил ўйин заллари, казинолар, ўйин автоматлари заллари ёки бошқа ўйин муассасаларини ташкил этиш;
  • Ўзбекистон ҳудудида ва Ўзбекистон фуқаролари иштирокида бўлиб ўтадиган ҳодисаларга (спорт ўйинлари ва мусобақалари, сиёсий жараёнлар, танловлар ва бошқалар), халқаро федерациялар қоидаларига мувофиқ тегишли тайёргарлик, назорат ва ҳакамлик таъминланган, томошабинлар иштирокида ўтказиладиган халқаро спорт мусобақалари ва тадбирлари бундан мустасно;
  • Болалар ва ўсмирлар спорт мусобақаларига ставкалар қўйиш.

Верификация

Қарор билан Интернетда қимор, лотерея ва ставкалар ташкилотчиларининг мижозларини рақамли (масофадан) идентификация қилиш тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган. Ўйинчилар рақамли (масофадан) идентификациядан ўтиши шарт. Жараён фақат Ўзбекистон ёки чет эллик мижоз фуқароси бўлган мамлакатга тегишли IP-манзил ёки телефон рақамидан амалга оширилиши мумкин.

Мижоз ўзининг фотосурати ва идентификация ҳужжати (паспорт, ID-карта) нусхасини тақдим этиши шарт. Ўзбекистон фуқароларини, чет эл фуқароларини ва республика ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни текшириш учун электрон ҳукумат маълумотлар базасидан фойдаланилади. Агар базада мижоз ҳақида маълумот топилмаса, унинг шахсини видеоалоқа орқали аниқлашга рухсат берилади.

Ташкилотчи мижозларни террорчилик фаолиятида, оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатида йўқлигини текшириши шарт. Мижозларни алкоголь ёки бошқа турдаги мастлик ҳолатида ёки учинчи шахсларнинг кўрсатмасига кўра ҳаракат қилаётган ҳолатда текшириш тақиқланади.

Агентлик 2025 йил 1 январга қадар қуйидаги ҳужжатлар ва тартибларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши лозим:

  • интернетда таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик ставкаларини ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш;
  • лотереялар ташкил этиш ва ўтказиш;
  • букмекерлик фаолиятини ташкил этиш ва ўтказиш;
  • онлайн қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби;
  • Ставкалар ва ўйинчилар ягона давлат регистри тўғрисидаги низом;
  • интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиларига, шунингдек, соҳада Ўзбекистон резидентларига ноқонуний хизматлар кўрсатаётган чет эл юридик шахсларига жарималар солиш.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Марказий банк, Солиқ қўмитаси ва агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қимор ўйинларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш ва ўтказиш, шу жумладан, қиморхоналар ташкил этиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, бундай ўйинларга пул киритиш учун халқаро тўлов тизимларидан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширилади.