Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қаттиқ чиқинди хизматидан қарзи борларнинг электр энергияси учун тўловларини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилишни бошлади. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат ҳали ҳам фракция даражасида муҳокама қилинмоқда. Унда чиқинди тўловларидан қарзи бўлганларни SMS орқали хабардор қилиб бориш, қарздорлик вужудга келгани тўғрисида огоҳлантирилгандан кейин тўлов амалга оширилмаса, уларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш назарда тутилган.

азиз абдуҳакимов, алишер қодиров, коммунал хизматлар, маиший чиқиндилар, миллий тикланиш, тарифлар, экология, электр энергияси

«Миллий тикланиш» партияси 9 декабрь куни қонун лойиҳасини ўрганиб чиққан ва масъул идора вакилларидан фракциянинг навбатдаги йиғилишигача қўшимча маълумот сўраган. Шу боис қонун лойиҳаси палата ялпи мажлиси кун тартибига киритилмаган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов «Миллий тикланиш» фракцияси йиғилишида ҳужжатни шахсан тушунтириб берди.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик ҳозирда 596 млрд сўмни ташкил этади. Бу йил бошига қараганда 115 млрд сўмга кўпайган.

Қарздорликларни ундириш тўғрисидаги аризаларни судларга киритиш бўйича Экология вазирлигининг ҳудудий органларига юклатилган вазифа ҳам амалиётда ўз самарасини бермаган.

Депутат Жаҳонгир Шириновнинг таъкидлашича, истеъмолчи ва энергия таъминоти корхонаси ўртасида икки томонлама шартнома тузилади. Унга кўра, мижоз тўловни амалга ошириш мажбуриятини олади, корхона эса электр энергиясини етказиб бериш вазифасини бажаради.

«Бу ерда бошқа субъектлар йўқ. Фақатгина икки тараф бор. Электр тармоғи фуқаро билан тузилган шартномада учинчи тарафга эга эмас. Бу масала ҳуқуқий жиҳатдан қандай ҳал этилади?» — деб сўради у.

азиз абдуҳакимов, алишер қодиров, коммунал хизматлар, маиший чиқиндилар, миллий тикланиш, тарифлар, экология, электр энергияси

Экология вазирлиги вакилининг аниқлик киритишича, қонун лойиҳаси мазкур муаммони ҳал қилиш ва «тўғри ҳуқуқий оқибатлар»ни яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Унинг сўзларига кўра, электр таъминоти корхонаси билан индивидуал шартнома, чиқинди чиқариш хизмати компанияси билан эса оммавий оферта шартномаси тузилади.

Жумладан, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги ва «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, президент қарори доирасида чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентларни SМS орқали хабардор қилиб бориш аллақачон бошланган. Ҳозирча ҲЭТ компанияси фақат хабарномалар юбормоқда, аммо электр энергияси учун тўлов имкониятини чекламаяпти. Бунга сабаб — электр энергияси, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунларга ҳамда энергия таъминоти корхоналари ва истеъмолчилар ўртасидаги шартномаларга ўзгартиш киритиш заруриятидир.

«Ушбу SMS-хабарлардан сўнг тўловлар ҳажми 200−300 баробар ошди. Яъни одамлар ҳақиқатан ҳам тўловларни амалга оширишни бошлади», — деди у.

азиз абдуҳакимов, алишер қодиров, коммунал хизматлар, маиший чиқиндилар, миллий тикланиш, тарифлар, экология, электр энергияси

Депутатлардан бири, «қайси мамлакатларда бир коммунал хизмат қарзи учун бошқаси ўчирилиши кўзда тутилган» деган саволни берди.

Экология вазири эса «бундай амалиёт деярли барча ривожланган давлатларда мавжуд»лигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ҳозир гап электр энергиясини ўчириш ҳақида эмас, балки тўловни чеклаш ҳақида бормоқда.

«Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодировнинг маълум қилишича, икки йилда барча коммунал хизматларни бирлаштирадиган ягона биллинг тизими яратилади ва «қарздорлик умумлаштирилади».

Шу билан бирга, сифатсиз хизмат учун чорани кескинлаштириш ҳам кўзда тутилган.

«Ҳаммамиз ёруғ, иссиқ ва тоза яшашни истаймиз. Бу истагимизни таъминлаш учун минглаб ватандошларимиз туну-кун ишлайдилар. Уларни ҳақини тўламаслик ҳаммага зарар. Чиқиндиларни тўплаш, сақлаш ва қайта ишлаш жамият саломатлиги учун ҳаётий масала. Нотўғри сақланаётган чиқинди полигони кимёвий қуролдек хавфли ва бизда 200 та шундай полигон бор. Чиқинди масаласи энг охирги, хавфли нуқтасига етиб келди», — дея ёзди у.

Унинг сўзларига кўра, «тартиб бўлмаган тизимга инвесторлар миллиардлаб маблағини бермоқчи эмас».

«Инвестицияларсиз тизимни ўзгартириб бўлмайди. Чиқинди ва электр тўловлари бир тизимга уланмоқда, навбат газ ва сув тўловларига. Мақсад ватандошга сифатли коммунал хизмати кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш. Қонунни биринчи ўқишда маъқулладик», — деди Қодиров.