Президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган йиғилишда иқтисодий комплексдаги 297 нафар раҳбар ишдан олинганини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
«Бу борада сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйган иқтисодий комплексдаги 297 нафар раҳбар ишдан олинди. Улар ўрнига замонавий фикрлайдиган, янги тажриба яратиб, одамларимизни рози қиламан деган ташаббускор ёшлар ишга олинди», — дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев айрим раҳбарлар «бу вақтинча, бир-икки йилда ўтиб кетади» деган кайфиятда юрганини алоҳида таъкидлади.
«Қатъий огоҳлантираман — маҳаллага тушиб, одамларимиз ва тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган раҳбар ишламайди. Ҳамма ўзгариши керак. Кўриб турибсизлар, ҳар дақиқа дунёдаги сиёсий ва иқтисодий вазият қийинлашиб, янги-янги таҳдидлар пайдо бўлаяпти. Уларга бугун жавоб топмасак, кейин кеч бўлади», — деди президент.