Президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни банк хизматлари орқали маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича йиғилишда банкларга ҳаракатсиз мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилишини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
«Йиғилишда президент банкларни ўйлантираётган қатор масалалар борлигини таъкидлаб, уларнинг ечимига қаратилган ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, банклар балансида 3 мингта ҳаракатсиз мулк бор. Банклар улардан тезроқ қутилса, қўшимча ресурс ва 150 мингта иш ўрни яратиш учун захира пайдо бўлади. Шу боис, банкларга ҳаракатсиз мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилиши белгиланди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, банклар бу мулкларни даромадли бизнесга айлантириб, тайёр ҳолда инвесторга сотадиган тизим яратилади.
Шунингдек, йиғилишда кредит қарзи ҳисобидан гаровни суд орқали ундириш жараёнининг тезкорлигини ошириш долзарб масала бўлиб тургани таъкидланди.
Қайд этилишича, банк ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, ундирувга қаратилган мулкларни тезроқ сотиш, суд орқали ундирув муддати, ортиқча келишув ҳужжатлари ва суд харажатларини кескин қисқартириш, гаров билан таъминланган қарзларни судгача ундириш амалиётини кенг қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Президент бу таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиб, қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш муҳимлигини айтди.
Давлат раҳбари мажбурий ундирувга қаратилган мулклар масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Шавкат Мирзиёев бу жараённи такомиллаштириш мақсадида манфаатдор томонлар ўртасида онлайн ахборот алмашишни йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди.