Ўзбекистон туманларида маҳалла банкирлари пайдо бўлади. Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда бу таклифни қўллаб-қувватлади, деб хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Давлат раҳбари маҳаллалар даражасида ҳокимлар банклар билан ҳамкорликда иш олиб бориши кераклигини таъкидлади.
Улар Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон туманларининг аҳоли даромадларини ошириш, ўзаро ҳамкорликнинг самарали тизимини яратишга қаратилган тажрибасини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилади.
Бунда туман банклари мижозбай ишлаб, тадбиркорлар лойиҳаларига кўмаклашади, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этади, туман ҳокимлари эса лойиҳани жой ва инфратузилма билан таъминлаш мажбуриятини олади.
Давлат раҳбари туманларда маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлади.
Маҳалла банкирлари маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганади, одамлар билан гаплашиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантиради. Аҳолини кредит олиш, қайтариш, бизнес очиш, маҳсулотини сотишга ўргатади, лойиҳаларга ҳамроҳлик қилади.
Президент жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият бутун дунёда миллий иқтисодиётларга таъсирини ўтказаётганини қайд этди. Бундай шароитда мамлакат молия-банк тизимининг барча бўғинларида молиявий интизом ва шахсий масъулиятни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев ушбу йиғилишда давлат банкларига кўчмас мулкни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилишини ҳам маълум қилди. Тўққизта давлат банкига 2025 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 1 миллиард доллар кредит жалб қилиш тавсия этилади. Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида банклар томонидан 300 миллион сўм миқдорида шартсиз кредитлар бериш ҳам бошланади.