Тошкент вилоятида поезд темирйўлга тиқилиб қолган Damas автомобилини уриб юборди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, воқеа 15 декабрь куни Далагузар — Назарбек темирйўли кесишмасида содир бўлган. Енгил машина ҳайдовчиси тақиқловчи белгиларга эътибор бермаган ва темирйўлни кесиб ўтишга ҳаракат қилган. Оқибатда автомобиль тиқилиб қолган.
Damas эгаси бошқа ҳайдовчилар билан биргаликда машинани бўшатишга ҳаракат қилган, аммо бу иш бермаган. Буни тармоқларда тарқалган видеолардан ҳам кўриш мумкин.
Юк поездининг машинисти йўлларда тиқилиб қолган машинани кўриб, шошилинч тормозлашни фаоллаштирган. Бироқ поезднинг 800 метрдан 1000 метргача бўлган тормоз масофаси ҳисобига тўқнашувни олдини олишнинг иложи бўлмаган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, дейилади хабарда.
Компания ёмон об-ҳаво шароитида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш муҳимлигини эслатди ва ҳайдовчиларга темирйўл кесишмаларидан ўтаётганда эҳтиёт бўлишларини илтимос қилди.