Беш нафар болани уриб юборган ва улардан иккисининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича Янгийўл тумани суди залида қамоқдан озод этилди. Бир ҳафта ўтгач, судья Улуғбек Иброҳимов ЙТҲ билан боғлиқ худди шундай ишни кўриб чиқди, аммо бошқа жазо тайинлади. Икки боланинг ўлимига сабабчи бўлган биринчи ҳайдовчига ахлоқ тузатиш ишлари, бир кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига эса озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди. Kun.uz бу ҳолатларга эътибор қаратди. «Газета.uz» суд қарорларини ўрганиб чиқди.
Биринчи ҳолат
Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди 11 ноябрь куни олий маълумотли ва «One Cargo» компаниясида диспетчер бўлиб ишлайдиган Рустамжон Мирзахатамов (1993 йилда туғилган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди. Жараёнга судья Улуғбек Ибрагимов раислик қилди.
Иш материалларига кўра, 21 июнь куни тахминан соат 20:30 ларда М-34 Тошкент — Душанбе автомобиль йўлининг Янгийўл тумани қисмида Cобалт русумли автомашина ҳайдовчиси «бошқарувни йўқотиб», йўл четида турган 5 нафар ўсмирни уриб юборган. ЙТҲ оқибатида 18 ёшли О.З. ва 17 ёшли А.З. (бир хил фамилияли) Янгийўл шаҳар шифохонасининг реанимация бўлимида вафот этган, қолган уч нафар бола (иккитаси — 18 ёш, биттаси — 14 ёш) оғир тан жароҳати олган.
Суд ҳайдовчи Йўл ҳаракати қоидаларининг бешта бандини, шу жумладан, тезлик режимини қўпол равишда бузганини аниқлади.
Мажлисда Мирзахатамов айбини тўлиқ тан олиб, чин кўнгилдан пушаймон эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ўша куни бир нечта бола йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган, у чарчагани сабабли уларни фақат яқин масофадан кўрган, шундан сўнг рулни кескин ўнгга бурган, лекин машина бошқарувини йўқотган. Машина йўл четига чиқиб, бошқа вояга етмаган болаларни уриб юборган. Судланувчининг таъкидлашича, йўл чети яхши ёритилмагани сабабли болаларни кўра олмаган.
Айбланувчи жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаганини, уларнинг оилалари томонидан ҳеч қандай даъво йўқлигини, келгусида уларни қўллаб-қувватлашга ваъда берганини айтиб, суддан жазони енгиллаштиришни сўраган.
Суд қарорида қайд этилишича, ҳалок бўлганларнинг барча қариндошлари, жабрланувчилар ва уларнинг вакиллари Мирзахатамов берган кўрсатмаларга ўхшаш кўрсатмалар берган. Уларнинг таъкидлашича, ҳайдовчи улардан узр сўраган ва етказилган зарарни қоплаган, шунинг учун унга нисбатан даъволари йўқ. Уларнинг барчаси суддан жазони енгиллаштиришни сўрашган.
Суд Рустамжон Мирзахатамовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш/муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича айбдор деб топди.
Суд жазо тайинлашда жиноятнинг хусусиятини, унинг ижтимоий хавфлилик даражасини, содир этилган қилмишнинг сабабларини, судланувчининг шахсини, унинг ёшини, етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганини инобатга олди.
Суд томонидан жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги аниқланди, судланувчининг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, оилавий ҳолати, жабрланувчилар ва уларнинг қонуний вакиллари томонидан эътирозлар йўқлиги, яшаш жойидан берилган илтимосномалар, шунингдек судланувчининг жиноят содир этилгунга қадар ва ундан кейинги хулқ-атвори қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини сезиларли даражада камайтирувчи ҳолатлар сифатида баҳоланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, суд судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллашга қарор қилиб, унга нисбатан айблов моддаси санкциясида назарда тутилмаган енгилроқ жазо, яъни ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Натижада судланувчига иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ўтказилган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари ва 3 йилга транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси берилди. Суд қамоққа олиш эҳтиёт чорасини бекор қилди ва судланувчи дарҳол суд залида озод қилинди.
Иккинчи ҳолат
18 ноябрь куни худди шу судда йўл-транспорт ҳодисасида бир кишининг ҳалок бўлишига айбдор деб топилган бошқа ҳайдовчи — Исломжон Алибоев (1997 йилда туғилган, ўрта махсус маълумотли, вақтинча ишсиз) устидан ҳукм чиқарилди.
Иш ҳужжатларига кўра, ҳайдовчи 23 июнь куни соат 21:00 лар атрофида Янгийўл туманидаги М-39 Тошкент — Термиз автомобиль йўлида йўлни кесиб ўтаётган пиёда Х. И.ни уриб юборган. Жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлган.
Суд ҳайдовчи ЙҲҚнинг иккита бандини бузганлигини аниқлади. Хусусан, қаршидан келаётган автомобилнинг чироқлари ёруғидан кўзи қамашиб қолган ҳайдовчи тўхташ чораларини кўрмай, ҳаракатини давом эттирган. Айни пайтда И. Х. йўлни чапдан ўнгга кесиб ўтаётган эди.
Алибоев судда ўз айбини тан олиб, марҳумнинг қариндошларига қўлидан келганча ёрдам кўрсатганини ва келажакда ҳам ёрдам беришини маълум қилди. Жабрланувчи томон ҳам ҳукмни енгиллаштиришни илтимос қилган.
Улуғбек Иброҳимов раислигидаги суд судланувчини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган) бўйича айбдор деб топди ва уни айнан шу муддатга транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, манзил-колонияда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилди.
Турлича ҳукмлар
Иккала судланувчи ҳам бўйдоқ ва илгари судланмаган эди. Иккаласи ҳам айбини тан олди ва етказилган зарарни қоплади. Бироқ судья Мирзахатамовга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, икки нафар боланинг ҳалок бўлгани ва йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузганига қарамай, енгил жазо тайинлади. Алибоев эса ЙҲҚнинг иккита бандини бузгани ва бир кишининг ҳалок бўлиши учун реал муддатга ҳукм қилинди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, Мирзахатамовга чиқарилган ҳукм юзасидан кассация протести киритилган.