Ўзбекистонда 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Миллий туризм ягона платформаси синов тариқасида ишга туширилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Туризм соҳасини рақамлаштириш ва туристик хизматларни ягона платформага бирлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, платформада автобус, авиа ва темирйўл билетлари, маданий мерос объектлари, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга кириш чипталарини харид қилиш имкони яратилади.

У 2025 йил 1 декабрдан бошлаб тўлиқ ишлай бошлайди.

Платформага, шунингдек, қуйидагиларни киритиш режалаштирилмоқда:

  • сайёҳларга жойлаштириш воситаларини онлайн банд қилиш ва баҳолаш;
  • республикадаги туроператорлар ва турагентлар хизматлари, шу жумладан, сайёҳларга гид, гид-таржимон, йўриқчи-йўл бошловчи, экскурсия етакчилари хизматларидан фойдаланиш;
  • халқаро ва миллий тўлов тизимлари орқали туристик хизматлар учун тўловларни амалга ошириш;
  • туризм соҳасига оид статистик ҳисоботларни юритиш ва реал вақт режимида таҳлил қилиш.

Бундан ташқари, мазкур дастур орқали йўналишсиз такси ва автотранспорт воситалари ижараси хизматларидан фойдаланиш ҳам мумкин бўлади.

Миллий туризм ягона платформасини ишлаб чиқиш, техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириб бориш Туризм қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Платформа оператори қонунчиликда белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-тамойиллари натижаларига кўра танлаб олинади. Оператор маълумотларининг 14 та хорижий тилга таржимасини таъминлаб бориши керак.

Дастурда жойлаштириладиган маълумотлар базаси мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан интеграциялашган ҳолда юритилади.

Маълумот учун, мазкур дастур президентнинг 18 июльдаги қарори билан 2024 йилнинг декабрдан ишга туширилиши керак эди.