Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
15 декабрдаги нам ҳаво оқими Ўзбекистоннинг катта қисмига қор улашди. Республиканинг қор ёққан ҳудудлари космик суратда ҳам яққол кўринган. Ушбу совуқ оқим мамлакатни жуда тез, яъни чоршанба кунига қадар тарк этса-да, ҳафта давомида тунги ва тонгги ҳарорат ноль даражадан паст бўлишига замин яратиб кетади.
Ҳафта ўрталаридан Кавказ ҳудудлари орқали Қора денгиздан яна нам ҳаво оқимлари ёғингарчиликлари билан кириб келиши ойдинлашмоқда. Бу оқим Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига турлича ёғингарчиликлар улашади. Ёғинлар асосан қор кўринишида бўлиши кутиляпти. Баъзи вилоятларда ёғингарчиликлар умуман кузатилмаслиги ҳам мумкин.
Совуқ антициклон жараёни душанба-сешанба кунлари ҳаво ҳароратини мамлакат бўйлаб жуда ҳам паст бўлишини таъминлайди. Бунда жойларда кундузи ноль даражадан бироз юқори илиқлик кузатилса-да, кечги, тунги ва тонгги ҳарорат кескин пасайиб кетиши сутканинг умумий совуқ бўлишига олиб келаверади.
Республиканинг катта қисмида тунги ҳарорат -15 даражагажа пасайиб кетиши прогноз қилинган. «Ўзгидромет» бу тўғрида олдинроқ тезкор гидрометеорологик хабар ҳам эълон қилган эди. Чоршанбадан бошлаб ғарбдан илиқлик минтақага фаол таъсир эта бошлайди, ҳароратнинг кўтарилишини айнан шимолликлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) ўзида яхши ҳис қилади.
Айрим вилоятларда чоршанбадан якшанбага қадар ҳатто тунги ҳарорат минимумлари ҳам мусбат кўрсаткичларга яқинлашиб қолади. Кундузи эса +12 даражагача илиқ ҳарорат кузатилиши, ҳафта ўрталари ва шанба куни айрим вилоятларга ёмғир-қор ёғиши мумкин.
Душанба-сешанба кунлари антициклон чеккаси таъсирида текисликларда тонг отиши ва Қуёш ботишидан сўнг туман ҳодисалари кузатилиши, кўплаб вилоятларда бундай ҳодисалар узоқроқ давом этиши ва булдуруқ юз бериши мумкин.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 16 декабрь куни жуда совуқ ҳарорат кузатилади. Ҳаво ҳарорати республика бўйлаб кундуз куни −0…−5 даража совуқ, тоғларда −8…−13 даража совуқ, фақат жануб вилоятларидагина -3 даража совуқ…+2 даража илиққача ўзгарса, тунда −8…−13 даража, баъзи ҳудудларда -15 даража совуққача, тоғларда −15…−20 даражагача совуқ кутилади. Жойларга туман тушиб — шимолий, шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ташқари — яхмалак ҳодисалари кузатилади. Фақат Фарғона водийсида эрта тонг қор ёғиши мумкин. Бошқа ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Шимолда ва чўлларда шамол тезлиги сониясига 22 метргача етиши мумкин.
Синоптиклар 17−19 декабрь кунлари Ўзбекистонда ёғингарчиликсиз қуруқ об-ҳаво кузатилишини, фақат 19 декабрь куни шимолий ҳудудлар ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларида ёғингарчиликлар (ёмғир-қор) юз бериши мумкинлигини прогноз қилган. Кундузи ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилиб боради. 17 декабрь куни мамлакатнинг катта қисмида тунги совуқлик сақланса-да, кундузи жойларда ҳарорат ноль даражадан кўтарилиб бориши кузатилади. Тунги ҳарорат кўплаб ҳудудларда, ҳатто жанубий вилоятларда ҳам -8 даражадан паст бўлади.
18−19 декабрь кунлари шимолий, жанубий ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларида тунги минимум ҳарорат ноль даража атрофида кузатилади. Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва водий вилоятларида эса тунги ҳарорат −3…−8 даража совуқдан 0…-5 даража совуққа қадар ўзгариб туради. Кундузи жанубий вилоятларда ҳарорат +10 даражага яқинлашади. Бошқа ҳудудларда эса +2…+7 даража илиқ бўлиши прогноз қилинмоқда. Ушбу саналарда ҳам жойларга туман тушиб, хусусан, 17 декабрь куни кўплаб вилоятларда яхмалак ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат фонида у қадар катта ўзгариш бўлмайди. Жанубий вилоятларда совуқлик муҳити аста-секин илиқроғига алмашади. Якшанба куни жанубда ҳарорат максимуми +15 даражага етиши мумкин.
Жума куни республиканинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик кузатилса (ёғингарчилик кузатилиши мумкин бўлган ҳудудлар қуйидаги харитада келтирилган), шанба куни Фарғона водийси ҳудудларида ҳам ёғингарчилик кутилади. Ёғинлар асосан қор кўринишида бўлиши ойдинлашмоқда.
Дам олиш кунлари республиканинг катта қисмида ҳарорат кундузи +7…+12 даражагача, жанубда +15 даражагача етади. Тунда ҳам ҳарорат минимумлари аста-секин нолга яқинлашиб қолади. Жума-шанба кунлари эҳтимолий нам ҳаво оқимининг минтақага кириб келишида «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали айнан қайси вилоятларга ёғингарчилик тушишини аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир прогнози ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта давомида умумий ҳарорат фони — шимолий ҳудудлардан ташқари — йилнинг шу даври учун мос иқлимий меъёрдан анча паст «совуқ» кутилса, ёғингарчилик бўйича — Орол денгизи атрофи ва Устюрт ҳудудларидан ташқари — республика бўйлаб шу кунларга хос иқлимий меъёр ва ундан камроқ ёғин тушиши келтирилмоқда. Ушбу вазият келаётган ҳафта нисбатан қуруқ ўтиши мумкинлигига бир ишорадир.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Ўзбекистон ҳафта бошларида антициклоннинг таъсир доирасида бўлиши, боз устига, мазкур антициклонда атмосфера босими 1040 ва 1045 гПа га яқин бўлиши оқибатида аҳоли антициклон таъсирни ўз танасида ҳис қилади.
Душанбадан чоршанбага қадар бундай юқори атмосфера босими инсон саломатлигига, айниқса, аллергик, астматик ҳамда қон босими хасталикларидан азият чекаётган кишиларга жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу тур беморлар ҳаводаги турли кўринмас майда заррачаларга таъсирчан (агрессив) бўлади, аксига олиб, антициклон вақтидаги тинч об-ҳаво шароитида бу каби зaрралар ҳавода кўп муддат муаллақ сақланади.
Юқори босимли давоий антициклон таъсири инсон танасида бош ва юрак оғриғи, ишчанликнинг сустлашуви, умумий заифлик билан намоён бўлади. Атмосфера босимининг кўтарилиши қондаги лейкоцитлар сонини камайтириб, организмнинг ҳимоя функцияларига салбий таъсир кўрсатади. Буларнинг бари инсон саломатлигини сезиларли даражада ёмонлаштиради ва турли юқумли касалликларга мойил қилиши мумкин.
Тавсиялар. Антициклон таъсирларга мойил кишилар тонгда тетиклаштирувчи енгил душ қабул қилиши, енгил гимнастика машғулотлари билан шуғулланиши ҳамда овқатланиш рационига калий моддасига бой меваларни қўшиши тавсия этилади. Иммун ва асаб тизимини зўриқтирмаслик мақсадида кундалик иш тартибини ҳам маълум муддат бироз ўзгартириш лозим. Иложи бўлса, кўпроқ дам олган маъқул.
16−17 декабрь кунлари кутилган антициклон қуруқ совуғидан ҳимояланиш ва унинг инсон саломатлигига таъсирини камайтириш бўйича куни кеча эълон қилинган материалда тавсиялар берилган эди. Маълумот учун, Ўзбекистонда антициклон жараёнлари таъсири 1,5−2,5 суткагача, жуда кам ҳолларда 3,5 суткагача давом этиши мумкин.
Чоршанбадан бошлаб антициклонинг минтақадан чекиниши кузатилади ва кутилажак об-ҳаво шароити инсон саломатлигига таъсир кўрсатмайди. Фақат жума куни атмосфера босимиинг бироз пасайиши билан боғлиқ булутли жараёнлар минтақага кириб келиши, циклонал таъсирларга мойил айрим тоифа кишиларни безовта қилиши мумкин. Лекин саломатликка айтарли хавф туғдирмайди.
Иш кунлари кучли шамоллар бўлиши эҳтимоли деярли йўқ. Ўз-ўзидан, атмосфера босимининг қисқа вақт ичида кескин ўзгариши эҳтимоли ҳам паст. Шундай экан, жорий ҳафта табиий об-ҳаво муҳитининг ички қон босимига таъсир этиши хавфи ҳам баланд эмас.
Биоиқлимий шароитлар
Ҳафта бошида антициклоннинг минтақага чуқур таъсири оқибатида шимол ва чўл ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли кечки, тунги ва тонгги муддатларда очиқ ҳавода кучли совуқлик стрессларига учраши мумкин. Оддий қилиб айтганда, ҳафта давомида қалинроқ кийиниш керак бўлади.
Бунда, қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим. Айниқса, душанба ва сешанба кунлари бошни ва йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш талаб этилади. Сабаби бўйиндаги томирлар инсон бош миясини қон билан таъминлайди.
Иш ҳафтаси бошида ташқарида ҳаракатланишда барча вақтда қалин кийиниш, бошга қалпоқ кийиб олиш тавсия этилади. Ҳафта ўрталарида кундузи бироз илий бошлайди. Шимолий, жанубий ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳарорат тунда ноль даражага яқинлашади ва совуқлик стресслари эҳтимоли пасаяди, аммо бошқа ҳудудларда нолдан анча паст совуқ сақланади.
Космик таъсирлар
Ўзбекистонликлар ҳафта давомида кучли магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланмайди. Кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасидаги сокинлик сабаб, Ер магнитосферасида ҳам кучли магнит бўрони қўзғалишлари бўлмаслигини тахмин қилган. Қуёш фотосферасида ҳам сўнгги уч кунликда кучли чақнашлар содир бўлмади. Оддий қилиб айтганда, Қуёш сирти ва сайёрамиз магнитосферасида «сокинлик» ҳукм сурмоқда.
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам аҳоли иш кунларида саломатликка умуман хавф туғдирмайдиган «яшил» даражадаги, яъни хавфсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган.
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Жума ва шанба кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида кутилаётган ёғин-сочинли об-ҳаво майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон бермайди. Аммо ҳафтанинг бошқа кунлари, масалан, душанба ва сешанба кунлари антициклонал жараёнлар бундай заррачаларнинг тарқалиши учун қулай муҳитни юзага келтиради. Республиканинг кўплаб ҳудудларида антициклонал жараён таъсирида Қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг кузатиладиган инверсия фонида ҳавода сув буғининг тўйиниши, хиралик (туман, ғубор ҳодисалари), унинг ортидан ҳавода бироз ифлосланиши юзага келиши мумкин.
Хусусан, пойтахтда ҳам иш ҳафтаси бошида майда дисперс заррачалари билан боғлиқ ифлослик бироз кўпайишини тахмин қилиш мумкин. Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, 16−22 декабрь саналарида об-ҳаво бўйича энг қулай кун якшанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу куни ўзини ҳафтанинг бошқа вақтларига нисбатан бироз енгил ҳис қилиши кутиляпти. Айни вақтда ҳафта бошидаги об-ҳаво муҳити энергетика тармоғи учун яхшигина синов бўлади.