Ўзбекистондаги банкларга кичик ва ўрта бизнеснинг кредит портфелидаги улушини ошириш бўйича топшириқ берилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди.
Қайд этилишича, охирги беш йилда кичик ва ўрта бизнеснинг кредит портфелидаги улуши 40 фоиздан 28 фоизгача пасайган. Давлат раҳбари бундай кредитлар улушини 40 фоизга ёки 120 трлн сўмга етказиш чораларини кўриш зарурлигини таъкидлади.
Президент, умуман, йирик лойиҳаларни кичик бизнес ҳисобидан молиялаштириш амалиётига чек қўйиш вақти келганини айтди.
Бундан ташқари, ўтган олти йилда 1,6 млн аҳоли «яхши» кредит тарихига эга бўлди. Шу билан бирга, тарихи «ўрта» баҳоланганларга янги кредит олишда талаблар кучайиши табиий.
Президент бундай мижозларнинг кредит тарихини яхшилаш, келгусида улар тадбиркорга айланиши учун банклар катализатор бўлиши лозимлигини қайд этди.
Келгуси йилда лойиҳаси бор 100 мингта «ўрта» тоифадаги мижозлар билан уч ойлик индивидуал режа асосида ишлаш, уларнинг солиқ, электр, газ каби бошқа тўловларини ҳам инобатга олиш, молиявий билимини ошириш ва лойиҳаларини яхшилаш орқали уларни тадбиркорга айлантириш таклиф қилинди.
Йиғилишда республика бўйича 60 та илғор шаҳар-туманни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди. Бу туманларда келгуси йилда 2 млн аҳолини банд қилиш, 417 мингта оилани камбағалликдан олиб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Туман ва шаҳар ҳокимларига ушбу туман-шаҳарларда инфратузилмани яхшилаш топширилди.
Шавкат Мирзиёев аниқланган имкониятларни натижага айлантириш учун банклар мустаҳкам молиявий ресурсга эга бўлиши кераклигини таъкидлади. Бунда давлат маблағлари қаторида ташқи манбалардан ҳам ресурс жалб қилиш зарурлиги қайд этилди. Келаси йили аҳоли омонатларини 11 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Бунинг учун ҳар бир банкда чет элдан маблағ олиб келадиган ишчи гуруҳ тузиш, хорижий банклар билан тизимли ишлаб, чет элда роуд-шоулар ўтказиш, евробонд чиқариш, банк рейтингини яхшилаш ва халқаро стандартларга мослашиш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Президент август ойида тадбиркорлар билан учрашувда давлат жалб қилган маблағларни йирик давлат корхоналарига бериш амалиётидан босқичма-босқич воз кечишни маълум қилганди. Ҳозирда давлат банклари томонидан берилган кредитларнинг 92 трлн сўми ёки 30 фоизи (2024 йил август ҳолатига) 10 та йирик давлат корхоналарига тўғри келмоқда.
Бундай маблағларни бериш икки йил ичида камида 40 фоизга қисқаради. Банклар бунинг ҳисобидан камида 30 трлн сўмни хусусий бизнесга йўналтиради.