Европа Иттифоқи Суриянинг янги расмийлари билан Россия ҳарбий базаларини мамлакатдан олиб чиқишни муҳокама қилишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Politico Иттифоқнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили ҳамда Европа комиссияси вице-президенти Кая Калласга таяниб.

Калласга кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларининг «кўпгина ташқи ишлар вазирлари» Сурияда Россия ҳарбийлари бўлмаслиги тарафдори. Уларнинг фикрича, ЕИ дипломатияси раҳбари «бу Суриянинг янги раҳбарияти учун шарт бўлиши керак», — деди. Каллас бу масала «Сурия расмийлари билан учрашувларда кўтарилиши»ни таъкидлади.

Европа Иттифоқи собиқ президент Башар Асадни тахтдан ағдарган исёнчиларга мурожаат қилмоқда ва блок янги ҳокимиятни расман тан олишдан ёки расмий дипломатик муносабатлар ўрнатишдан олдин бажарилиши керак бўлган бир қатор шартларни белгилаб берди, деди Каллас. ЕИ аввалроқ Асад ҳукумати билан барча дипломатик алоқаларни тўхтатганди.

Россиянинг Суриядаги Тартус ва Латакия ҳудудларида ҳарбий базалари бор. Маълум қилинишича, Россия ҳукумати Суриянинг янги ҳукумати билан уларни сақлаб қолиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Душанба куни Эстония собиқ бош вазири «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» каби гуруҳлар билан алоқа ўрнатиш учун Сурияга Европа Иттифоқи дипломатини юбораётганини маълум қилганди. Бу ҳаракат АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Вашингтон гуруҳ билан тўғридан-тўғри алоқада эканини айтганидан кейин содир бўлди, деб ёзади Politico.

Декабрь ойи бошида Башар Асадни президентликдан ағдарган Суриянинг янги ҳукумати ҳозирча Россия ҳарбий контингенти иштирокига муносабати ҳақида расмий баёнот бермади. Бироқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков: «Россиянинг Хмеймим ва Тартусдаги базаларини сақлаб қолиш ҳақида гапиришга ҳали эрта, бу Сурияни бошқарадиганлар билан муҳокама мавзусидир», — дея жавоб берган.