Ҳиндистон ҳаво сифати ёмонлашгандан сўнг Нью Деҳли ва унинг атрофидаги ҳудудларда ифлосланишни енгишга ёрдам беришга қаратилган чекловларни кучайтирди. Бу ҳақда Reuters ёзмоқда.
Сўнгги тавсиялар душанба куни кечроқ, ҳаво сифати индекси (AQI) кўрсаткичи 0 дан 500 гача бўлган шкалада 400 дан ошиб, «оғир» бўлиб қолганидан кейин берилди. Бу эса ифлосланишни бошқариш билан боғлиқ фавқулодда йиғилиш ўтказилишига туртки бўлди.
Душанба куни гибрид дарслар — ҳам онлайн, ҳам юзма-юз — 5-синфгача бўлган синфларни қамраб олганди, аммо кейинчалик 10 ва 12-синфлардан ташқари барча синфларга таълимнинг мазкур шакли татбиқ этилди.
Давлат идораларига иш вақтини босқичма-босқич белгилаш ҳақидаги дастлабки кўрсатма кенгайтирилиб, барча идораларга ходимларнинг 50 фоизига уйдан ишлашга рухсат бериш сўрови шаклида тақдим этилди. Сешанба куни эрталаб Нью Деҳлида AQI кўрсаткичи 424 эди. Ҳарорат ҳам 5,9 даражагача пасайди, бу шаҳарни заҳарли туман билан қоплади ва аэропортда «кўриниш даражасининг пасайиши билан боғлиқ тартиб-қоидалар»ни бошлашга туртки бўлди.
Ҳаво сифатини бошқариш бўйича комиссия ифлосланишнинг «кескин ошишини» «жуда ноқулай метеорологик шароитлар ва тинч шамол» билан боғлади. Шунингдек, у кўплаб қурилиш ишларини тақиқлашни буюрди.
Болалар, кексалар ва нафас олиш, юрак-қон томир, мия-қон томир ёки бошқа сурункали касалликлари бўлганларга очиқ ҳавода ҳаракат қилишдан қочиш ва имкон қадар ичкарида бўлиш тавсия этилмоқда.
Шимолий Ҳиндистон ҳар йили қишда оғир ифлосланишга дуч келади. Деҳли ўтган ойда AQI 494 га етганида бу мавсум учун энг юқори ифлосланиш бўлганди.
Мамлакат олий суди ҳам масалани кўриб чиқди ва октябрь ойида ифлосланишсиз муҳитда яшашни ҳукуматлар ҳал қилиши керак бўлган «асосий ҳуқуқ» деб белгилади.