17 декабрь куни Тошкент вилояти Паркент туманидаги Lion park хусусий ҳайвонот боғида шер ҳужум қилган қоровул ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси.
Қайд этилишича, ҳолат соат 05:00 атрофида содир бўлган. Бир қафасда сақланаётган 3 та шер қафасдан боғ ҳовлисига чиқиб кетган. Воқеа вақтида маскан иш фаолиятида бўлмаган ва ёпиқ бўлган.
Ҳовлидаги шерлар шу ерда қоровул бўлиб ишловчи 44 ёшли Ф.И.га ташланиб унга жароҳат етказган. Фуқаро олган тан жароҳати оқибатида вафот этган. У ҳайвонларни каттакка қайтармоқчи бўлган.
«Кўрилган чоралар натижасида шерлар махсус қафасга қайтарилган. Атрофдаги бошқа шахсларга зарар етмаган. Ҳозирда маҳаллий аҳоли учун хавф-хатар йўқ», — дейилади ИИББ хабарида.
Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, 2 та шер ухлатувчи дори воситалар қўлланилган ҳолда катакка қайтарилган. 1 та шер маҳаллий овчи таклиф қилинган ҳолда отиб ўлдирилган.
Шунингдек, паркда мавжуд бўлган барча йиртқич ҳайвонлар саноқдан ўтказилиб, улар жой-жойида эканлиги ва катаклар мақкамланган ҳолдалиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Паркент тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳайвонот боғи ҳақида
2019 йилнинг июнь ойида рўйхатдан ўтган боғ 0,96 гектар ерда жойлашган. Уни ташкил қилиш юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (собиқ Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси) томонидан ҳайвонот боғи хизматларини кўрсатиш бўйича лицензия берилган.
Зоопаркда 1 та қўнғир айиқ, 1 та бургут, 1 та тасқара, 10 та катта ёшли Африка шерлари ва 5 та шер боласи, шунингдек, йиртқич бўлмаган бошқа сут эмизувчи ва қушлар мавжуд.