Душанба, 16 декабрь куни Тошкент метрополитени илк бор 1 миллион йўловчига хизмат кўрсатди. Бу ҳақда метрополитен ахборот хизмати маълум қилди.

Миллионинчи йўловчи пойтахтда яшовчи Козим Соҳибов бўлди. Унга «Чинор» бекати бошлиғи Абдураҳмон Абдуғаффоров эсдалик совғаси ва бир йил давомида Тошкент жамоат транспортидан (метро ва автобус) бепул фойдаланиш имконини берувчи транспорт картасини топширди.

«Чинор» бекати ҳудудида истиқомат қилувчи Козим Соҳибов бу мукофот ўзи учун кутилмаган совға бўлганини айтди. У «Тузель» бекати ҳудудидаги ишига бориш учун ҳар куни метродан фойдаланишини маълум қилди.

Якшанба куни пойтахтда кўп қор ёғди. Шаҳар раҳбарияти автомобиль эгалари ва ҳайдовчиларини жамоат транспортидан фойдаланишга устунлик беришга чақирди.