Президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қурилиши мўлжалланган халқаро туризм маркази тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Озарбайжонлик ишбилармон Эмин Агаларов бир қатор йирик хорижий компаниялар билан шерикликда Чорвоқ сув омбори бўйида Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм марказини қуриш истагини билдирмоқда.

Лойиҳага кўра, унда дам олиш, чўмилиш ва спорт масканлари, меҳмонхоналар, коттежлар, турар жойлар бўлади. Халқаро брендларнинг дўконлари, ресторан ва хизмат шохобчалари очилади. Турли фестиваллар, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади.

Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилиб, келувчиларга қулайлик оширилади. Келажакда ўзига хос туризм хабига айланиб, унда йил давомида дам олиш ва яшаш мумкин бўлади, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари бу таклифни маъқуллаб, уни халқаро тажриба асосида лойиҳалаштириш ва босқичма-босқич қуриш зарурлигини таъкидлади. Бош вазир бошчилигида комиссия тузиб, лойиҳанинг ҳуқуқий асосини яратиш, инфратузилма масалаларини ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Эмин Агаларов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида ушбу лойиҳа «5−7 миллион квадрат метр» (500−700 гектар) бўлишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Sea Breeze Uzbekistan марказида мактаблар, аквапарк, истироҳат боғлари, сув ва қишки спорт турлари бўйича мажмуалар ҳам барпо этилади.

«Давлат раҳбари Озарбайжондаги Sea Breeze лойиҳаси муваффақиятли ишлаётганидан хабардорлигини билдирди. Бу лойиҳани ишга туширишда бизда тажриба бор», — деди у.

Sea Breeze — 2006 йилда Эмин Агаларов томонидан ташкил қилинган, 500 гектар майдонда жойлашган премиум денгиз бўйидаги курорт ва қирғоқ мажмуаси. Дам олиш маскани Каспий денгизи соҳилида, Боку марказидан ярим соатлик масофада жойлашган.

Эмин Агаларов россиялик тадбиркор Араз Агаларовнинг ўғли ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг собиқ куёви. 2006 йилнинг 30 апрелида у президентнинг тўнғич қизи Лейла Алиевага уйланган ва 2015 йилда ажрашган. У мусиқа оламида Эмин тахаллуси билан ҳам танилган.

Август ойи охирида Agalarov Development компанияси Тошкент шаҳрининг Миробод туманида турар жой мажмуаси ва меҳмонхона қурилиши бошланганини маълум қилганди. Лойиҳа қиймати 133 млн долларга баҳоланмоқда.