Туркия ва унинг иттифоқчилари Сурия билан чегара бўйлаб кучларини кўпайтирмоқда, бу эса АҚШни АҚШ қўллаб-қувватлаётган курдлар қўлидаги ҳудудга кенг кўламли бостириб кириш эҳтимолидан хавотирга солмоқда, деб ёзади Wall Street Journal (WSJ) АҚШнинг юқори мартабали амалдорларига таяниб.

WSJ суҳбатдошларига кўра, Суриядаги асосан курдлар яшайдиган Кобани шаҳри яқинида тўпланган кучлар таркибига кўнгиллилар, турк махсус кучлари ва катта миқдордаги артиллерия киради.

Башар Асад режими қулагандан кейин бошланган кучларнинг кўпайиши Туркиянинг 2019 йилда Сурия шимоли-шарқидаги ҳужуми олдидан ҳарбий ҳаракатларига ўхшайди, деб таъкидлайди нашр. «Биз шунга эътибор қаратамиз ва вазмин бўлишни талаб қиламиз», — дейди WSJ манбаси. Нашрнинг яна бир суҳбатдоши Туркиянинг трансчегаравий операцияси «муқаррар бўлиши мумкин»лигини айтди.

Сурия курдлари фуқаролик маъмурияти вакили Илҳом Аҳмад АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга ёзган мактубида Туркия ҳарбий операцияси «эҳтимолий» эканини маълум қилди ва уни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғонга қўшинларни чегара орқали юбормасликка босим ўтказишга чақирди. Аҳмаднинг сўзларига кўра, Туркиянинг мақсади Трамп лавозимга киришдан олдин курд тупроғи устидан «ҳақиқий назорат ўрнатишдир».

Суриядаги курдлар ва исёнчи гуруҳлар ўртасидаги жанговар ҳаракатлар Башар Асад режими қулаганидан кейин қайта тикланди. АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича ташкил этилган музокаралар келишувга олиб келмади. Асаднинг ағдарилиши, шунингдек, Туркиянинг «Сурия демократик кучлари»га (АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган курд ҳарбий коалицияси) қарши операцияларининг фаоллашишига олиб келди, уни Анқара мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчи партиясининг давомчиси деб билади.