Россиянинг Ульяновск вилоятида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси

Қайд этилишича, ҳолат 17 декабрь эрталаб соат 05:10 атрофида Ульяновск вилоятидан ўтадиган Саранск — Сурское — Ульяновск йўналишида содир бўлган.

Россия ИИВ Уляновск вилояти бошқармаси маълумотларига кўра, Cobalt ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши томонга чиқиб кетган ва MAZ юк машинаси билан тўқнашган.

Оқибатда 5 нафар Ўзбекистон фуқаролари — 49 ёшли К.С., 47 ёшли А.А. ва Б.О., 36 ёшли Ж.И. ҳамда 20 ёшли К.А. ҳалок бўлган. Юк машинаси ҳайдовчиси шифохонага ётқизилган.

Бош консулхона ҳолат назоратига олиниб, ваколатли органлар билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилаётгани ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга қайтариш ишлари кўрилаётганини билдирди.

Мазкур масала бўйича консуллик вакиллари билан қуйидаги телефон рақамлар орқали боғланиш мумкин: +7−843 526−55−63; +7−843 526−55−64; +7−843 526−55−65. Telegram: @kazan_mfa_uz.