Тошкентда 18 декабрь куни 169-йўналишда ҳаракатланаётган Mercedes-Benz йўловчи автобусида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақдаги видео ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Пойтахт ФВБ матбуот хизмати Амир Темур шоҳ кўчасида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар соат 21:07 да келиб тушганини маълум қилди.

Воқеа жойига икки ўт ўчириш ва қутқарув бригадаси юборилган. Улар соат 21:13 да етиб келган ва ёнғинни соат 21:23 да ўчирган.

Ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Кадрларга қараганда, машина жиддий шикастланган.

«Тошшаҳартрансхизмат» маълумотига кўра, ушбу автобус 2013 йил ишлаб чиқарилган. Транспорт Юнусобод туманидаги Уч қаҳрамон пости яқинидаги айланма йўл олдидаги бекатда тўхтаган вақтда автобуснинг электр кабелларининг қисқа туташуви оқибатида ёнғин содир бўлган.

Ҳайдовчи ФВВ ходимларини чақиришдан аввал автобус салондаги йўловчиларни тушириб, бирламчи ўт ўчириш мосламаси орқали дастлабки чораларни кўрган.

Пойтахтда автобус ёнғинлари асосан Mercedes-Benz машиналари билан содир бўлади. Охирги марта бундай ҳодиса июнда юз берганди, ўшанда 132-йўналишда ҳаракатланаётган Mercedes-Benz автобуси ёниб кетган.

2014 йилда «Тошшаҳартрансхизмат» ёнғин сабаблари орасида конструктив нуқсонларни келтириб ўтганди. 2018 йилда шаҳарда содир бўлган навбатдаги ёнғиндан сўнг, 2008−2009 йилларда ишлаб чиқилган ушбу русумдаги машиналардан фойдаланиш тўхтатилганди. Текширувдан сўнг автобуслар йўналишларга қайтарилган.