UzAuto Motors 19 декабрь куни Cobalt GX-STYLE AT PLUS ва Cobalt GX-MIDNIGHT AT автомобиллари контрактацияга қўйилишини маълум қилди.
Компания бу куни аввалги контрактацияда тузилган шартномалар бўйича тўлови ўз вақтида тўланмаган автомобилларни сотади. Автомобилларни харид қилиш учун шартномалар 19 декабрь куни соат 10:00 дан бошлаб savdo.uzavtosanoat.uz онлайн платформаси ва UzAvtosavdo иловаси орқали тузилиши мумкин бўлади.
UzAuto Motors ўз хабарида автомобиль хариди учун тузилган шартномалар бўйича тўлов етти календар кун ичида амалга оширилиши лозимлигини эслатган.
Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 11 декабрь куни ҳам Cobalt учун контрактация очганди.