Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) Ўзбекистонда криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерларига лицензия бериш учун божлар миқдорини белгилади. Бу Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган ИЛМАнинг 17 декабрдаги буйруғида назарда тутилган.
Божлар суммаси тўлов кунидаги базавий ҳисоблаш миқдорларида белгиланган (материал эълон қилинган пайтда 1 БҲМ 375 минг сўмга тенг). Божлар қуйидаги миқдорларда белгиланган:
- майнинг-пул — 3000 БҲМ (1,125 миллиард сўм);
- криптодўкон — 3700 БҲМ (1,3875 миллиард сўм);
- криптодепозитарий — 7000 БҲМ (2,625 миллиард сўм);
- криптобиржа — 73 400 БҲМ (27,525 миллиард сўм).
Spot хабарига кўра, агентлик 2022 йил август ойида крипто соҳа иштирокчиларини лицензиялаш тартибини, шунингдек, уларга қўйиладиган талабларни тасдиқлаган. Компания тўртта фаолият турининг ҳар бири учун алоҳида лицензия расмийлаштириши керак.
Хизмат кўрсатувчи провайдерлар ўз серверларини Ўзбекистонда жойлаштириши, ҳисоб-китоблар ва мижозлар ҳақидаги маълумотларни беш йил давомида сақлаши, шунингдек, реклама талабларига риоя қилиши шарт. Криптобиржалар учун ҳам 5000 БҲМ (1,875 миллиард сўм) миқдорида устав фондига минимал талаблар мавжуд.
Бундан ташқари, 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб криптосфера иштирокчилари учун ойлик йиғимлар жорий этилган. Уларнинг миқдори охирги марта жорий йилнинг июнь ойида ўзгарган, ўшанда криптодўконлар учун йиғим 185 БҲМгача (69,375 миллион сўм), криптобиржалар учун эса 740 БҲМгача (277,5 миллион сўм) оширилган эди.
RISE Research тадқиқотига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиё ва Кавказда биринчи ўринни ва глобал криптоактивларни қабул қилиш индексида дунёда 33-ўринни эгаллайди. 2023 йилда мамлакатда 512,3 минг нафар фуқаро криптоактивларга эгалик қилган, крипто саноатида хизмат кўрсатувчи провайдерларнинг айланмаси эса 1 миллиард доллардан ошган.