Андижон вилояти Асака туманида яшаган эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 7 декабрь куни соат 09:20 атрофида Учтош маҳалласида яшаган икки фуқаро ўз хонадонидан қўлбола усулда ясалган иситиш печига солинган кўмир ёқилғисидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиш аломатлари билан топилган.
Ҳодиса жойи тергов-тезкор гуруҳи аъзолари томонидан кўздан кечирилиб, фуқароларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Асака туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади ҳокимлик ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 26 ноябрига қадар республика бўйича газ билан боғлиқ жами 74 та (2023 йилда 86 та) бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Ўтган даврда 82 нафар (2023 йилда 88 нафар) фуқаро газ билан боғлиқ ҳодисаларда вафот этди. Яна 80 киши (119 нафар) турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Вафот этганларнинг 75 нафари ис газидан заҳарланган. Уларнинг аксарияти Фарғона, Хоразм ва Жиззах вилоятларига вилоятларига тўғри келади. Айрим ҳолатларда дудбурон носозлиги оқибатида оиланинг барча аъзолари ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлган.