Қирғизистон президенти Садир Жапаров Адилбек Касималиевнинг Вазирлар Маҳкамаси раиси — президент администрацияси раҳбари этиб тайинланиши тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Касималиев номзоди 18 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Жогорку Кенеш (парламент) томонидан тасдиқланди, деб ёзади 24.kg. Касималиев депутатларга ўзидан олдинги бош вазир Акилбек Жапаров дастурини амалга оширишни давом эттиришга ваъда берди.

Бу тайинловга қадар Касималиев бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2015 йилдан 2018 йилгача эса мамлакат Молия вазирлигини бошқарган.

қирғизистон, Адилбек Касималиев

16 декабрь куни Қирғизистон раҳбари Акилбек Жапаровни «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» лавозимидан озод қилди. Бу лавозимни Жапаров уч йилдан сал кўпроқ вақт банд қилди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари у президент маслаҳатчиси бўлиши мумкинлигини ёзган.

Чоршанба куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида Садир Жапаров Қирғизистон солиқ хизмати раҳбарияти ва ходимларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун собиқ бош вазирни ишдан бўшатишга қарор қилганини маълум қилди.

«Солиқ тизимидаги салбий ҳолатлар бизни қаттиқ хафа қилди. Акциз маркалари билан боғлиқ фирибгарликлар маълум бўлиб қолди. Бу соҳа Акилбек Усенбекович назорати остида эди. Манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш мақсадида ДСХ раҳбариятига нисбатан тергов қилинаётган жиноий иш юзасидан уни лавозимидан четлаштиришга мажбур бўлдим», — деди Садир Жапаров.

Унинг қўшимча қилишича, собиқ бош вазир мамлакатнинг иқтисодий ютуқларига катта ҳисса қўшган ва Жапаровнинг истеъфосини «сиёсатлаштирмасликни» сўради.